Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оташнафас шоира ёди
16:25 / 2024-05-20

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Китобхон оналар” лойиҳаси доирасида Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева ижодига бағишланган хотира тадбири бўлиб ўтди.

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси биланг ҳамкорликда ташкил этилган ушбу хотира кечасида халқимизнинг ардоқли шоирасининг ҳаёти, ижоди, шеърларининг тарбиявий аҳамияти хусусида батафсил сўз юритилди.  

Тадбирда таниқли шоира Гулчеҳра Шаҳобиддин қизи, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси бошқарма бошлиғи Зарифа Искандарова, фалсафа фанлари доктори, профессор Жамила Шермуҳамедова мамлакатимизда “Китобсевар миллат” эзгу ғоясини амалга ошириш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатларда  устоз ижодкорлар адабий меросини ўрганиш, тарғиб этиш, улар хотирасини ардоқлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилаётганини таъкидладилар.  

–  Халқимизнинг оташнафас шоираси Ҳалимахоним Худойбердиеванинг шеърларида миллий ўзлик, миллий уйғониш,  Ватанга, эркка, озодликка чин муҳаббат устувор ўрин эгаллайди.– деди Гулчеҳра Шаҳобиддин қизи. – Шу сабабли ардоқли шоирамизнинг ижоди адабиёт мухлислари томонидан катта қизиқиш ва ихлос, чексиз ҳурмат билан билан ўрганилади, қадрланади, ёд олинади.  

Айтиш керакки, Ҳалима Худойбердиева 1947 йилнинг 17 май куни Сирдарё    вилоятининг  Боёвут туманида таваллуд топган.

Устоз шоира 1972 йили Тошкент давлат университети – ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини тугатган.  

Ижодкор  «Саодат» журналида адабий ходим, бўлим мудири (1972-75), бош муҳаррир ўринбосари ва бош муҳаррир (1982-94), Ёшлар нашриётида бўлим мудири (1978-82), Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раиси (1990-94), «Ёзувчи» нашриётида етакчи муҳаррир (1996-98), «Санам» журналида бош муҳаррир ўринбосари (1998-2003), 2004 йилдан «XXI аср» газетасида бўлим муҳаррири бўлиб ишлаган.

Ҳалима Худойбердиеванинг илк шеърлари ўқувчилик йилларида 1964 йилда Янгиер туман газетасида чоп этилган. Шундан кейин унинг «Илк муҳаббат» (1968), «Оқ олмалар» (1973), «Чаман» (1974), «Суянч тоғларим» (1976), «Бобо қуёш» (1977), «Иссиққор» (1979), «Садоқат» (1983), «Муқаддас аёл» (1987), «Бу кунларга етганлар бор», «Ҳурлик ўти» (1993), «Тўмариснинг айтгани» (1996) «Йўлдадирман» (2005) ва бошқа шеърий китоблари нашр этилган.  

Адабиётшунослар фикрича, Ҳалима Худойбердиева ўзбек шеъриятига самимий инсоний туйғу ва фазилатларни тараннум этувчи шоира, ўзбек хотин-қизлари орзу ва армонларининг куйчиси сифатида кириб келди. Ўз ижодида аёл ва она образларининг сеҳрли қирраларини очишга ҳаракат қилди. Унинг тасвиридаги аёл мамлакатнинг келажаги,  соғлом ва баркамол ёшларни етказиб берувчи мўъжизавий кучдир.  Ҳалима Худойбердиева айни шу нуқтаи назардан ўзбек аёлларининг ўй-хаёлларини, ички кечинмаларини ёрқин тасвирлайди. Китобхонларда аёлларга нисбатан ҳурмат ва муҳаббат, эҳтиром  туйғуларини юксалтиришга интилди.

Устоз шоира  1992 йилда “Ўзбекистон халқ шоири” унвонига сазовор бўлган эди.

Ижодкорнинг бир қатор  шеърлари кўплаб хорижий тилларга таржима қилинган. Тўфон Миннуллиннинг «Алла» пьесаси Ҳалима Худойбердиеванинг эркин таржимасида ҳозирги Ўзбек миллий академик драма театри саҳнасида қўйилган. Устоз ижодкор  Фазу Алиева, Силва Капутикян, Иброҳим Юсупов ижодидан намуналарни таржималар қилган.

Кечада Ҳалима Худойбердиева шеърларидан намуналар ўқилди. Унинг сўзлари билан куйланувчи қўшиқлар ижро этилди.  

Н.Усмонова, ЎзА