Шеъриятнинг чинакам мухлислари катта эҳтимол билан яхши биладиларки, Шўро замонида асли сурхондарёлик бўлган Раъно Узоқова деган бир оташин шоира ўтган.
1916 йилда Жарқўрғон туманида туғилиб, гўдак ҳолида етим қолиб, яхши инсонлар хонадонида вояга етган Раъно Узоқовани ўз эсдаликларида Зулфияхоним ҳам, унинг турмуш ўртоғи бўлмиш Ҳамид Олимжон ҳам ёруғ хотиралар билан ёдга олган. Ҳатто, Зулфияхоним: "Баъзан илҳомим келмай, ториққан кезларим асабий бўлиб қолардим. Ана шундай кунларнинг бирида Ҳамид Олимжон бир талай қўлёзмалар олиб келиб берди-да, "Мана, қаранг, шундай шоираларимиз бор, улар қандай гўзал ёзаётганини кўринг!" деб далда берди. Қарасам, Раъно Узоқованинг шеърлари экан..." дея унинг ижодидан мотивация олганини эътироф этган...
Шоира Раъно Узоқова чақмоқдек жуда қисқа умр кўрди. Бироқ атиги ўттиз бир йиллик умрида салмоқли ижод қилди. Давлат ва жамоат арбоби, ёзувчи Шароф Рашидов, ўзбек ва тожик халқларининг буюк адиби Садриддин Айний, Ҳамид Олимжон, Зулфияхоним, Ғафур Ғулом каби забардаст шоир ва ёзувчилар билан ҳамзамон бўлиб, Иккинчи жаҳон уруши йилларида жонини хатарга қўйиб, фашист босқинчиларига қарши қонли курашлар авж олган бир паллада Ленинград қамалида мардонавор жанг қилаётган ўзбек аскарларига миллатимиз номидан совға-саломлар олиб борган жасур ва оташқалб сиймоларимиздан биридир.
Ўша таҳликали сафари чоғида Раъно Узоқова таркибида бўлган ўзбек делегацияси парвоз қилаётган ҳарбий самолёт душман ҳужумига учраб, шундай оғир кезларда орттирган юрак хуружи сабаб шоирамизнинг умри қисқа бўлгандир.
Раъно Узоқованинг халқимиз учун, айниқса, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида улкан аҳамиятга эга ижодий мероси ўтган даврларда яхши қадрланди. Шўро даврида ҳам, Мустақиллик йилларида ҳам бир неча бор хотира юбилейлари ўтказилди.
1993 йилда Сурхондарё вилоятида шоиранинг 75 йиллик хотира юбилейи шоир Теша Сайдалиевнинг 65 йиллик хотира юбилейи билан бирга марҳум вилоят ҳокими Жўра Норалиев раҳбарлигида, мамлакат миқёсида таниқли шоиру ёзувчилар иштирокида ўтказилган эди.
Ушбу хайрли ишларда ва марҳум шоирамизнинг ижод намуналарини тўплаб, назмий тўпламларини чоп эттиришда менинг ҳам камтарона ҳиссам борлигидан ниҳоятда мамнунман.
Мана шундай савоб ишлардан бошқа нима қолади бизлардан ахир?!
Бироқ сўнги йилларда марҳум шоирамизнинг ёрқин хотирасига эътибор бирмунча сусайгани ғоят ачинарли ҳолдир. Айни шу кеча-кундузда, шоира Раъно Узоқова таваллудининг 110 йиллиги нишонланиши керак эди. Аммо марҳума шоирани на республика, ва на вилоят мутасаддилари эсладилар.
Менимча, эслатувчилар ҳам ўз шахсий ташвишларидан ортмадилар. Бундан бир юз ўн йил аввал бағритошлик қилибми, ё ночорлик туфайлими атиги бир неча кунлик чақалоқ ҳолида отаси, ё онаси томонидан темир йўл станциясига ташлаб кетилганида, Жарқўрғоннинг Оққўрғон қишлоғилик Марям опа деган бир художўй инсон уни топиб олиб меҳрининг тафти билан илитган бир муддат то болалар уйига топширгунча боққан экан.
Бугун Янги Ўзбекистонда заҳматкаш ва фидойи, ватанпарвар шоира Раъно Узоқова хотирасига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш чин инсонийлик намунаси, ҳам маънавий бурчимиз эмасми? Наҳотки, буюк шоирамизнинг хотираси саҳрога сепилган сувдек изсиз йўқолиб кетаверса?
Каминанинг масъуллигида 1992 йилда марҳум шоирамизнинг Термизу Самарқандаги ижодхоналарида сарғайиб қолиб кетган қўлёзмалари "Субҳидам қалдирғочи" номи билан тўплам ҳолига келтирилган бўлса, 2016 йилда ёзувчи Бахтиёр Олломуроднинг масъул муҳаррирлигида йирик тўплами "Бахт қўшиғи" номи билан Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйида нашрдан чиқарилди. Бироқ шундан сўнг ушбу хайрли ишларга енг шимарадиган, эътибор қаратадиган бирор бир мард инсон топилмаяпти.
Қандайдир сабаблар билан унутилган шоирамиз Раъно Узоқованинг хотирасига эҳтиром кўрсатилишини Рамазон ойининг мунаввар ва муқаддас кунларида чин дилдан ният қилиб қоламиз.
Тоштемир Турдиев,
Денов туман маънавият бўлими раҳбари,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, филология фанлари номзоди