English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оташин ижодкорга бағишланган саҳна асари
14:43 / 2025-12-03

Ўзбек Миллий академик драма театрида Ўзбекистон халқ шоири, устоз ижодкор Усмон Азим қаламига мансуб “Чўлпон (“Кундузсиз кечалар”) номли спектаклнинг намойиши бўлиб ўтди.

Мазкур спектакль озодлик ва гўзаллик куйчиси, виждони мудом уйғоқ шоир Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон (Юнусов) ҳаёти, ижоди, ўтган асрнинг синовлар ва қора булутларга тўлган йигирманчи-ўттизинчи йиллари, бегуноҳ ижодкорларнинг шўролар зулми остида қатағон этилиши билан боғлиқ ўта оғриқли даврни акс эттиради.  

Маълумки, Чўлпон ижоди гўзал ва бетакрор бадиияти, эрк ва озодлик ғояларига йўғрилгани, миллатпарвар руҳи билан қадрлидир. Спектаклда Чўлпон, Боту, Ойбек ва бошқа ижодкорларнинг оғир тақдири ғоят таъсирчан воқеалар ёрдамида томошабинга ҳикоя қилинади.  

Айтиш керакки, Чўлпон наср ва назмда, бадиий таржима соҳасида юксак маҳорат билан қалам тебратган ижодкор эди. Миллатнинг истибдод зулми остида эзилгани, манқуртлик ва карахтликка юз тутгани кўплаб жадидлар каби шу халқнинг имони саломат  фарзанди бўлмиш Чўлпонни ҳам бефарқ қолдирмайди. Унинг “Ёлғон сўздан кўра, ёнган сўз афзал”, деган сўзлари ҳаёт шиорига айланганини спектакль давомида англаш мумкин. Айни пайтда бундай оташин сўзлар саҳна асарининг бош ғоясини белгилаб бергани билан ҳам аҳамиятли.  

Спектакль Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Валихон Умаров томонидан саҳналаштирилган. Саҳналаштирувчи рассом – Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Бахтиёр Тўраев.  Чўлпон сиймосини таниқли актёр Ҳамза Ҳасанов гавдалантирган. Спектаклда шунингдек, Фитрат ролини Феруз Бурхонов, Файзулла Хўжаев ролини Жамолиддин Абдужабборов ижро этган.  

“Чўлпон” (“Кундузсиз кечалар”) спектакли томошабинларга ғоят манзур бўлди.  

Н.Усмонова,  

ЎзА