Сувни асраб-авайлаб, ҳар томчисининг қадрига етиб ишлатишга даъват этадиган бу нақлнинг давоми барчага яхши маълум.
Айниқса, бугун йилдан-йилга сайёрамизда сув танқислиги кучайиб бораётган бир пайтда сувдан тежаб-тергаб фойдаланиш ҳар қачонгидан долзарб аҳамият касб этмоқда. Аммо статистик рақамлар, баъзида ён-атрофимизда бўлаётган ҳолатлар ҳали инсоният сувнинг қадр-қимматини тўла англаб етмаганини кўрсатмоқда.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Самарқанд вилояти бошқармаси маълумотларига кўра, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда сув ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш юзасидан жорий йилнинг биринчи ярмида мазкур инспекция томонидан ўтказилган мингдан ортиқ назорат тадбирларида 496 та қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган.
Қаранг, қарийб ҳар икки назорат тадбирининг бирида қонунбузарлик кузатилган. Бу тадбир натижасида аниқланганлари, аниқланмаганлари-чи, улар қанча экан? Бунинг натижасида қанча сув исроф бўлган, қанча далага сув етиб бормаган, қанча маҳсулот етиштириш имконияти йўқолган?

Мисол учун, Булунғур тумани Небуса маҳалласида яшовчи фуқаро Ж.А Мирза-Пай ирригация тизимлари бўлимига қарашли Оқтепа каналига ҳеч қандай рухсатсиз электр насос ўрнатиб, сув олган. Каттақўрғон туманидаги “Каттақўрғон кластер” МЧЖ ҳудудидаги 7 гектар ғўза майдонида сувчилар етарли даражада жалб қилинмаганлиги оқибатида даланинг адоғи кўллатиб юборилган. Пайариқ туманидаги “Раззоқов Муҳаммадали чорваси” ва “Мусаев Машраб даласи” фермер хўжалиги етакчилари ғалладан бўшаган майдонни кўллатиб, ерни юмшатишни мўлжаллаган.
– Назорат тадбирларида аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатларини бартараф этиш юзасидан 204 та юридик ва жисмоний шахсларга ёзма кўрсатма берилди, 26 ҳолатда тегишли идораларга тақдимнома киритилиб, 247 ҳолатда маъмурий қарорлар қабул қилинди, – дейди “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилояти бошқармаси катта инспектори Одилжон Шомуродов. – 16 ҳолат бўйича тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун суд идораларига юборилди. Бундан ташқари, келгусида бу каби ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг олдини олиш, сув ресурсларидан фойдаланишда амалдаги тартибларга қатъий риоя этилиши юзасидан 514 та юридик ва жисмоний шахслар огоҳлантирилди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА