Жорий йилнинг январь ойида Президентимиз раислигида ўтказилган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида ёшлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, хусусан, ёш авлоднинг қалби ва онги учун кураш кучайиб бораётган ҳозирги ўта мураккаб шароитда ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги тарбиянинг ўрни ҳамда улар қалбида миллий руҳни шакллантиришнинг аҳамияти тобора ортиб бораётганига алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур жараёнларда Наманган вилояти адлия бошқармаси ҳамда унинг шаҳар, туман ҳудудий бўлимлари томонидан “Маҳаллабай”, “Кўчабай” ва “Хонадонбай” тизими ўрганилиб, уларнинг ўқиши ва бандлигини таъминлаш, муаммоларини ўрганиш ҳамда ўз вақтида ҳал этиш, ҳарбий-ватанпарварлик тадбирларида самарали қамраб олиш бўйича расмий идоралар, маҳалла ва муассасалар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида тизимли саъй-ҳаракатлар қилинмоқда.


Масалан, Чортоқ тумани адлия бўлимига тумандаги Навоий, Ифтихор, Бешкапа, Сохибкор, Бўлон маҳаллаларида истиқомат қилувчи 2 минг 110 нафар ёш бириктирилган. Ўрганишлар давомида аниқланган муаммоларнинг асосий қисми уларнинг бандлигини таъминлаш билан боғлиқ бўлиб, шундан 82 ёш ишга жойлаштирилди. Хусусан, Сохибкор маҳалласидан Нозима Ҳакимова тумандаги 31-сонли мактабгача таълим ташкилотига инглиз тили фани ўқитувчиси вазифасига ишга жойлаштирилди.

Норин туманида эса туман адлия бўлимига бириктирилган ёшлар учун “Очиқ эшиклар куни” ҳамда бўш иш ўринлари “Меҳнат ярмаркаси” ташкил этилди. Оталиққа олинган ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган мазкур тадбирда юртимизда ёш авлод учун яратилган кенг имкониятлар, ватанпарварлик ва фидойилик туйғулари, қонунларга итоаткорлик, китобга муҳаббат, таълим ва тарбияни муҳим жиҳатлари ҳақида сўз юритилди.

Шунингдек, туман ташкилотларидаги квота ўринлари ярмаркасида икки нафар ёш доимий иш ўрнига эга бўлиши таъминланди. Бундан ташқари, “Аёлларга ҳуқуқий кўмак” акцияси доирасида, туман камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими билан ҳамкорликда Қурама маҳалласида яшовчи Шоира Мамадалиева ва Ўзбекистон маҳалласида истиқомат қилувчи Севара Долимованинг бандлигини таъминлаш мақсадида уларга субсидия асосида чок машиналари топширилди.

Шунингдек, тадбирлар давомида туман адлия бўлими Давлат хизматлари ва юридик хизмат кўрсатиш марказлари фаолияти билан танишилди. Таъкидлаш жоиз, Норин тумани адлия бўлимига 665 нафар ёш бириктирилган бўлиб, шу кунга қадар улар билан юзма-юз мулоқотлар олиб борилган. Улар билан учрашувларда 61 та муаммо аниқланиб, 56 нафар ёшнинг бандлиги таъминлашга эришилди.

Бугун ҳар бир ёшни тинглаш, уларнинг муаммоларига ечим топишда раҳбар, мутасаддиларнинг амалий ёрдами катта самара бермоқда. Қолаверса, бу ёшларнинг жамият ва давлат ҳаётида ўз позицияси борлиги, юрт тараққиётига дахлдорлигини ҳис этишга кўмаклашилмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.