Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оталик мажбуриятини унутган фуқаролар жазоланди
12:05 / 2020-11-27

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Мингбулоқ тумани бўлими ва туман маъмурий суди ҳамкорлигида ўтказилган суд жараёнида фарзандлари учун алимент маблағларини ўз вақтида тўлашдан қасддан бўйин товлаётган тўққиз нафар фуқаронинг иши кўриб чиқилди.

Гуртепа маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро О. Я турмуш ўртоғи А. Ж билан 2016 йилда ажрашиб кетган ва суднинг қарори билан икки нафар вояга етмаган боласи учун ҳар ойда иш ҳақи ва топган даромадининг бирдан уч қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган. Мазкур ижро ҳужжати МИБ туман бўлими иш юритувига олинган ва ижро ҳаракатлари олиб борилган. Бироқ, шунга қарамасдан қарздор ота норасида дилбандлари учун алимент маблағини қасддан тўламай келади.  

Кун ва ойлар ўтиб қарздорлик 20 миллион сўмга яқинлашди. Бюро томонидан фуқаро О. Я доирасидаги ижро иши мазмунан кўриб чиқиш учун туман маъмурий судига юборилди. Бўлиб ўтган суд давомида томонларнинг фикрлари эшитилиб, якуний қарор қабул қилинди. Бурчини унутган отага нисбатан 15 суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Фуқаро Ч. М ҳам белгиланган мажбуриятга панжа орасидан қараган маъсулиятсиз оталардан бўлиб чиқди. Бўлмаса, у фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судининг 2019 йилдаги қарори билан белгиланган ундирувчи Н. Э фойдасига икки боласи таъминотини ўз вақтида бериб келарди.  

Давлат ижрочисининг тушунтиришлари, огоҳлантиришидан наф чиқмади. Икки ойдан ортиқ муддатда алимент тўламасдан келади. Суд жараёнида унга нисбатан ҳам ҳукм чиқарилди. Алментдан бўйин товлаган ота 15 суткалик вақтини маъмурий қамоқда ўтказадиган бўлди.

МИБ Наманган вилояти бошқармасига кўра, Мингбулоқ туманида ўтказилган суд жараёнлари билан бўлим иш юритувига олинган ва фарзандлари учун алимент тўламай келаётган 9 нафар қарздор отага жазо чоралари қўлланилди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА