Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оталик масъулияти эр кишига хос
17:36 / 2023-01-31

Суд ҳужжатига асосан вояга етмаган фарзанди моддий таъминоти учун қарздор шахслардан алимент ундириш белгиланган бўлсада, айрим қарздор шахслар алимент тўлашдан бўйин товлаш мақсадида Бюро органларидан яширинишга уринмоқда.

Бундай ҳоллардан давлат ижрочисининг қарорига асосан қарздорга нисбатан қидирув эълон қилинади. Қидирув ҳаракатлари Мажбурий ижро бюроси органлари қидирув ходимлари томонидан амалга оширилади. Қидирувдаги қарздор шахсни қаердалигини аниқлаш, топиш ва жавобгарлик масаласини ҳал қилиш қидирув ходимлари ҳаракатларига боғлиқ. Қидирув ҳаракатлари дастлаб ижро ҳужжатини ижро этиш жойида, қарздорнинг маълум бўлган охирги яшаш жойида ёки унинг мол-мулки турган жойида ёхуд ундирувчининг яшаш жойида олиб борилади ва кейинчалик қидирув ҳудуди кенгайтирилади.  

Кўпчиликка бу оддий ишдай туюлиши мумкин, лекин қидирувдаги шахсни қаердалигини аниқлаш, топиш ва ундан алимент тўловларини ундириш ёки жавобгарлик масаласини ҳал қилиш учун қанча меҳнат сарфланади. Алимент пулларини ўз вақтида ололмай юрган аёл ҳолатини кўз олдингизга келтириб, унинг ўрнига бир зум ўзингизни қўйиб кўринг. Нега энди аёл, ёлғиз боши билан бола тарбияси, еб-ичиши, кийим-кечаги, касал бўлса дори-дармони ҳақида қайғуриши керак. Фарзандни дунёга келтиришда сабабчи бўлган ота эса қаергадир яшириниб юриши керак. Қани оталик масъулияти, қани эркаклик ғурури? 

Қидирувдаги қарздор шахсларни топиш борасида Бюронинг Бухоро вилояти бошқармаси қидирув ходимлари томонидан муайян ишлар амалга оширилмоқда. Мисол учун, жорий йил январь ойи ҳолатида 317 нафар қарздор жисмоний шахсларга нисбатан қидирув тадбирлари олиб борилмоқда. Пойтахтимиз Тошкент шаҳрини бежизга нон шаҳри дейишмаган шекилли қидирувдаги шахсларнинг асосий қисми Тошкент шаҳридан топилмоқда. Қидирув ходимлари томонидан январь ойининг 25-27 кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида 5 нафар қидирувдаги қарздор шахслар топилган. Уларга нисбатан тўпланган маъмурий иш ҳужжатлари судда онлайн тартибда кўрилган. 4 нафар қарздор шахсга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. 1 нафар қарздор суд жараёнида 12,5 миллион сўм алимент қарздорликни тўлаб берганлиги сабабли иш ҳужжатлари тугатилган. Ҳозирда мазкур тадбирлар давом этмоқда.

Зариф Комилов, ЎзА