Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оталар фарзанди олдидаги бурчини унутмасин
08:40 / 2023-02-23

Мажбурий ижро бюроси Андижон вилояти бошқармаси, унинг шаҳар, туман бўлимлари томонидан алимент билан боғлиқ ижро ҳужжатлари ижросини таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

– Айни пайтда бюронинг вилоят бошқармаси ҳамда ҳудудий бўлимлари иш юритувида 33,5 мингта алимент билан боғлиқ иш ҳужжатлари мавжуд, – дейди Мажбурий ижро бюроси Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи Отабек Салманов. – Мазкур ижро ҳужжатларининг ижросини таъминлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, 30 минг 100 та банк пластик карталари очилиб, ундирувчиларга бепул тарқатилди. Қарийб 82 миллиард сўм миқдоридаги алимент қарздорлик ундирилиб, пластик карталарга ўтказиб берилди. Бундан ташқари, оилаларни мустаҳкамлаш тадбирлари доирасида 9 минг 171 та оила яраштирилди, 3 минг 330 нафар қарздор ишга жойлаштирилди. Бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.  

Фуқаролик ишлари бўйича Қўрғонтепа туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан қарздор М.Х. дан ундирувчи Д.Х. фойдасига икки нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланган. Қарздор алимент тўловларини ўз вақтида амалга оширмай келгани сабабли, Бюронинг туман бўлими ходимлари томонидан унга нисбатан тўпланган иш ҳужжатлари жиноят ишлари бўйича туман судига юборилган. Суд томонидан қарздорга нисбатан 38 миллион 612 минг 800 сўм алимент қарзини тўламагани учун 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.  

Белгиланган жазо муддатини ўтаб чиққандан сўнг ҳам алимент тўловларини тўламай юрган ота Бюро ходимлари томонидан алимент тўламаслик жиноий жавобгарликни келтириб чиқариши ҳақида огоҳлантирилган. Шундан сўнг, қарздор М.Х. алимент тўловидан бўлган 40 миллион 380 минг 323 сўм қарздорлик ҳамда фарзандлари вояга етгунга қадар ҳисобланган алимент миқдоридаги маблағ ўрнига ўзининг эгалигидаги уй-жойини ўтказиб беришини маълум қилди. Тарафлар ўртасида келишув битими тузилиб, уй-жой ундирувчи номига ўтказиб берилди.  

Фарзанд таъминоти учун моддий ёрдам кўрсатиш ҳар бир отанинг ҳам инсоний, ҳам қонуний бурчи ҳисобланади. Оталар қаерда бўлмасин ана шу бурчини унутмаслиги лозим.  

 

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,  

ЎзА