French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оталар фарзанди олдидаги бурчини бажариши шарт
12:17 / 2023-08-12

Жиззах вилоятида фарзандларининг таъминоти учун алимент тўлашдан бўйин товлаб келган, алиментдан қарздор бўлган 4 нафар фуқаро суд қарорига асосан 15 суткадан маъмурий қамоқ жазосига тортилди.

Ўзбекистонда болаларнинг барча ҳуқуқлари қатори моддий таъминот олиш ҳуқуқи ҳам қонун билан кафолатланган бўлиб, айниқса, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 77-моддасига кўра, ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбур эканлиги белгилаб қўйилган.  

Ҳаёт сўқмоқларида турли сабабларга кўра, оилаларнинг бузилиб кетиши натижасида алоҳида яшайдиган ота ёки онанинг бола таъминотида иштироки бугунги кунга келиб ҳам ўта долзарб муаммолигича қолаётир. Шу сабабдан ҳам амалдаги Оила кодексининг 96-моддасида ота-онанинг вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт экани алоҳида белгилаб қўйилган.  

Бугунги жамиятимизда фарзанд тарбияси, унинг таъминоти ҳар бир ота-она зиммасидаги ўта шарафли ва айни пайтда масъулиятли вазифа ҳисобланади. Афсуски, ана шундай масъулиятли вазифани ўз ихтиёри билан бажаришдан бош тортувчи, бўйин товловчи ота-оналар ҳам бор. Шу каби ҳолатларда қонун устуворлигини таъминлаш ва таъсирчанлигини ошириш мақсадида маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари кўрилади.  

Суднинг қарорига асосан фарзандларининг таъминоти учун алимент тўлаши белгиланган бўлсада, ижро ҳаракатлари давомида бир неча маротаба огоҳлантирилишига қарамасдан бўйин товлаб келган 3 нафар алиментдан қарздор фуқароларга Бюронинг Пахтакор тумани бўлими томонидан МЖтКнинг 474-моддаси билан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилган. Натижада жиноят ишлари бўйича Пахтакор туман судининг жорий йилнинг 7 августдаги қарорига асосан алимент тўламай юрган бу шахсларнинг ҳар бири 15 суткадан маъмурий қамоқ жазосига тортилди.  

Худди шу каби ҳолат фуқаролик ишлари бўйича Дўстлик туманлараро судида ҳам кўриб чиқилиб, қарздор Ш.У.дан ундирувчи Н.У фойдасига икки нафар вояга етмаган фарзандини моддий таъминоти учун қарздорнинг иш ҳақи ва бошқа даромадларидан учдан бир қисми миқдорида алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати Бюронинг Арнасой туман бўлими иш юритувига келиб тушган. “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 23-моддасига мувофиқ фуқаро Ш.У.га нисбатан ижро иши қўзғатилган.  

Давлат ижрочиси томонидан Қонуннинг 42/1-моддасига асосан МИБ portal дастури орқали қидирув эълон қилинди. Ҳуқуқ-тартибот идораларининг олиб борган тезкор тадбирлари натижасида, қидирувдаги қарздор Ш.У Арнасой тумани ҳудудидан топилди ва давлат ижрочисига топширилди. Унга нисбатан юритилган қидирув ҳаракатлари тугатилди.  

Ижро ҳаракатлари натижасида қарздор Ш.Уга нисбатан жиноят ишлари бўйича Арнасой туман суди томонидан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 47/4-моддаси билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси берилди.  

Хулоса қилиб айтганда, алимент бу қарз эмас, балки фарзанднинг у вояга етгунга қадар бериладиган таъминотидир. Буни бажариш эса ҳар бир ота-онанинг бурчидир.  

Алиментни тўламай юриш – қонунга хилофдир. Қонунни бузган ҳар қандай ишга жазо муқаррар.  

А.ҚАЮМОВ, ЎзА