Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Отадек улуғ, бағрикенг устоз
10:35 / 2021-09-27

1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни

Халқимизда “Устоз – отангдек улуғ”, деган ҳикмат бор. Ҳа, отадай улуғ деб нисбат берилувчи инсон, бу – устоздир. Зеро, ота-она фарзандни вояга етказади, устоз эса униб-ўсиши, камолатга эришиши, илм-маърифат чўққиларини забт этишига кўмаклашади. Ўз умри, қалб қўри, ақл-идроки, тажрибаси ва билимини сарф этади.

Ўқитувчи зиммасига ҳаёт талабларига тўла жавоб берадиган ва ўз замонига муносиб кишиларни тарбиялашдек маъсулиятли вазифа юклатилган. Қуёш ўз нури билан бутун табиат, борлиқни жонлантиргани каби, ўқитувчи, мураббий ҳам бор маҳорати, илми билан ўқувчи-ёшлар қалбини илм зиёси билан тўлдиришга аҳд қилган буюк касб эгасидир. Ҳаёт гўзаллиги, турмуш фаровонлиги, инсонлар одоблилиги, қолаверса, истиқболимиз муаллим меҳнати билан бевосита боғлиқ.

Абдулла Авлоний “Ҳар бир миллатнинг саодати, давлатнинг тинчи ва роҳати ёшларнинг яхши тарбиясига боғлиқдир”, деб ёзган эди.

Устоз, мураббий, ўқитувчи – бу сўзларни эшитганимиз сари кўз олдимизда маъсулиятли касб эгалари, йиллар давомида ўқувчиларга билим бериб кўзидан нури кетган, сочларига оқ оралаган инсонлар гавдаланади. Шунинг учун бўлса керак, бу касб эгаларини бошқача ҳурмат қилишади, эъзозлашади.

Онам ўқитувчилик касбида 33 йилдан буён хизмат қилиб келмоқда. Оилада шу муҳитни кўриб улғайганим учунми, шу касбга меҳр қўйдим. Ишдан қайтганларидан сўнг ўқувчилар дафтарларини текшира туриб қайси ўқувчилар ўзлаштиришда орқада қолаётгани, қай бирлари ёзувда хатоликка кўп йўл қўяётганига қараб ажратиб, улар билан қайта ишлаш йўналишларини ўзларига белгилаб олардилар. Уларнинг бу жонкуярлигини кўриб мен ҳам шу касбни танладим. Олийгоҳни тамомлаб, мактабдаги биринчи иш кунимда устозларимдан, онажонимдан ўрганган билимларини ўқувчиларга ўргата бошладим.

Ўқитувчиликнинг маъсулиятини шу касбда ишлаб билдим. Устозлик маъсулиятини елкада кўтариш ва бу номга муносиб бўлиш жуда мушкул вазифа. Ҳар бир ўқувчи билан алоҳида ишлаш, унинг дунёсида ўз ўрнига эга бўлиш жуда машаққатли иш эканлигини ҳис этдим.

Бугун давлатимиз раҳбари биз, ўқитувчиларга яратиб бераётган имкониятлардан тўлақонли фойдаланиб ўқувчиларга сабоқ берсак, албатта буюк олимлар етишиб чиқади. Шу фахрли касб эгаси эканмиз, ҳар биримиз бунга интилмоғимиз шарт.

Рушана Ўринова,

Навоий вилоятидаги Алишер Навоий номидаги 19-ИДУМ ўқитувчиси.