Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўта хавфли юқумли касалликларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда
16:45 / 2023-05-04

Дунёнинг қатор давлатларида ўта хавфли юқумли касалликлар бўйича мураккаб эпидемик вазият сақланиб қолмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тақдим этган маълумотларига кўра, дунё бўйича ўтган 2022 йилда 620 та ўлат ва 67 та куйдирги касалликлари, 3 минг 68 та Ласса иситмаси, 339 та Эбола иситмаси, 446 та Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги ва бошқа ўта хавфли юқумли касалликлар қайд этилган. Хусусан, ўтган йилда вабо касаллиги Афғонистон, Покистон, Африканинг бир қатор давлатлари, Ҳиндистон, Ироқ, Хитой каби мамлакатларда рўйхатга олинган.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган брифингда Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Мафтуна Саидова шу хусусидаги маълумотларни тақдим этди.  

Мамлакатимизда амалга оширилаётган профилактик ва эпидемияга қарши самарали тадбирлар натижасида ўлат, вабо, сариқ иситма, вирусли геморрагик иситмалар, парранда гриппи каби карантин ва ўта хавфли юқумли касалликларнинг республика ҳудудига четдан кириб келиши ва аҳоли ўртасида тарқалиб кетишининг олди олинмоқда. Аммо амалга оширилаётган тадбирларга қарамасдан, ўта хавфли юқумли касалликлар бўйича республиканинг табиий ўчоқли худудларида ўта хавфли зооантрапоноз, яъни ҳайвонлардан одамларга юқувчи юқумли касалликлар рўйхатга олиниши давом этмоқда.  

Айниқса, фуқароларимизда ушбу касалликлар тўғрисида билим етарли эмаслиги оқибатида ўтган йилларда аҳоли ўртасида қутуриш, куйдирги, Қрим-Конго геморрагик иситмаси каби касалликлар рўйхатга олинди. Ушбу касалликларнинг келиб чиқишига оддий қоидаларга риоя қилмаслик ва эътиборсизлик сабаб бўлган.  

Қайд этилишича, қутуриш каби касалликларнинг олдини олишда ҳудудларда ободонлаштириш ташкилотлари қошидаги дайди хайвонларни овлаш гуруҳлари томонидан дайди ҳайвонлар, айниқса ит ва мушукларнинг пайдо бўлишига йўл қуймаслик зарур. Эгаси маълум бўлган ит ва мушукларни сақлаш қоидаларига амал қилиш, уларни ўз вақтида ветеринария идораларида рўйхатдан ўтказиб, қутуриш касаллигига қарши эмлатиш талаб этилади.  

Ҳайвонларнинг тишлаши натижасида олинган ҳар қандай жароҳатлар ўзбошимчалик билан даволанмасдан, фуқароларнинг турар жойи бўйича тиббиёт муассасасига мурожаат қилган ҳолда ўрнатилган тартибга кўра, керакли муолажалар олиниши талаб этилади. Айниқса, бунда қутуришга қарши эмлаш олиш ғоятда муҳимдир. 

Шунингдек, Қрим-Конго геморрагик иситмаси касаллигини юқтириб олмаслик учун қорамоллар танасидаги каналарни қўллар билан териб олмаслик, қўл билан эзиб ўлдирмаслик, кана қони билан тери очиқ жойининг ифлосланишига сабаб бўлмаслик ўта муҳим қоида саналади. Агар қорамолларда кана аниқланса, дарҳол ветеринария ходимларига мурожаат қилиш, уларнинг тавсияси асосида қорамоллар, уларни парваришлаш жойида канага қарши ишлов бериш керак.  

Ушбу касалликка чалинган беморларни парваришлашда ўта эҳтиёткорлик талаб қилинади. Зарурият бўлганда фақат махсус ҳимоя кийимлари кийган ҳолда мулоқот қилишга йўл қўйилиши мумкин. Куйдирги касаллигининг олдини олишда уйда парваришланаётган, бирор бир касаллик аломатлари бўлган қорамоллар билан бевосита алоқада бўлмаслик зарур ва бундай ҳолларда зудлик билан ҳудуддаги ветеринария врачига хабар бериш керак. Энг муҳими, уйда парваришланаётган қорамолларни ўз вақтида куйдирги касаллигига қарши эмлатиш зарур.  

Муҳайё Тошқораева, ЎзА