Мажбурий ижро бюроси Андижон вилояти бошқармаси ва унинг шаҳар, туман бўлимлари томонидан алимент билан боғлиқ ижро ҳужжатлари ижросини таъминлаш, алимент пулларини ўз вақтида ундириш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда.
– Алимент ундирувлари ортида вояга етмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари туради, – дейди МИБ Андижон тумани бўлими давлат ижрочиси Сухроб Собиржонов. – Шу боис ҳам, алимент билан боғлиқ ижро ишлари алоҳида назоратга олинмоқда. Фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судининг буйруғига асосан, фуқаро О.Х.дан фуқаро А.Х. фойдасига икки нафар фарзанди учун алимент ундириш кўрсатилган. Алимент тўловлари ўз вақтида тўлаб борилмаган. Шу сабаб алимент бўйича қарз бугунги кунга келиб, 40 миллион сўмни ташкил этган. Қарздор ота огоҳлантирилди, унга ҳаракатсизлигининг ҳуқуқий оқибатлари тушунтирилди. Ўтказилган тушунтириш ишларидан сўнг ота икки нафар фарзанди учун 40 миллион 377 минг сўмни тўлиқ тўлаб берди.
Фарзанд таъминоти учун моддий ёрдам кўрсатиш ҳар бир отанинг ҳам инсоний, ҳам қонуний бурчи ҳисобланади. Оталар ана шу бурчни асло унутмасликлари, ҳар қандай вазиятда зиммаларидаги масъулиятни адо этишлари лозим.
Ф. Убайдуллаев, ЎзА