Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ота-онасиз норасидаларнинг асло айби йўқ
11:51 / 2021-08-13

Янги қарор

Диёра   ёш турмушга чиқди. 18 ёшида она бўлди.Балки ғўрлиги сабаблидир, турмуши “ўхшамади”.Қизи Муслимани олиб ота уйига қайтди. Афсус,ҳаёт бешафқат.Диёра  21 ёшида автоҳалокат сабаб бу ёруғ олам билан хайрлашди.Тақдир зарбалари 3 ёшли Муслиманинг бошида айлана бошлади. Гарчи қонунда ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбур эканлиги белгилаб қўйилган бўлсада,Муслиманинг  отаси фарзанд учун алимент беришдан бош тортди. Ҳеч қаерда ишламайдиган буви иложсиз қизидан қолган ёлғиз ёдгорни Меҳрибонлик уйига топширишга мажбур бўлди...

Тадқиқотларга кўра, Меҳрибонлик уйлари битирувчиларининг тўсатдан катта ҳаётга мослашиши қийин кечади. Уларнинг ижтимоий яккаланиб, уйсиз ва ишсиз бўлиб қолиши жиноятчига айланиши, руҳий саломатлигининг бузилиши ва, ҳаттоки, ўз жонига қасд қилишигача бориши мумкин.

Статистик маълумотларга кўра, Халқ таълими вазирлигига қарашли 17 та Меҳрибонлик уйи ва 4 та Болалар шаҳарчасида 2 минг 47 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган вояга етмаганлар тарбияланмоқда. Айни пайтда улардан 316 нафари чин етим, 506 нафарининг отаси ёки онаси бор. 770 нафар бола оталик ва оналик ҳуқуқидан маҳрум этилганларнинг фарзандларидир. 235 нафар кам таъминланган оила фарзанди Меҳрибонлик уйларида яшамоқда. Ачинарлиси, уларнинг отаси ҳам, онаси ҳам бор.

Мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож, оғир шароитларда яшовчи, даромади кам оилалар давлат ҳимоясига олиниши сиёсат даражасига кўтарилган. Давлатимиз раҳбари томонидан жорий 28 июль куни кам таъминланган оилалар ҳамда Меҳрибонлик уйларида истиқомат қилувчи болаларни қўллаб-қувватлашга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Президент сўзи аввалида бугунги йиғилишда ота-онасидан ажраган, меҳрга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган устувор вазифаларни белгилаб олиш зарурлигини қайд этди.

–Албатта, ҳар бир гўдак бу ёруғ дунёга келар экан, унга ҳамма ота-онаси бағрида яйраб ўссин, бахтли-саодатли бўлсин, деб тилак билдиради, –дейди Юртбошимиз.– Лекин тақдир тақозоси билан уларнинг айримлари ота-она меҳридан бенасиб қолади. Бундай ҳолатда бу норасида болаларнинг асло айби йўқ эканини барчамиз яхши тушунамиз, албатта. Лекин бир ўзимизга савол берайлик, ушбу меҳрга муҳтож болалар ғамхўрликни тўлиқ ҳис қилаяптими? Афсуски, йўқ.  Юнусободдаги 21-сон Меҳрибонлик уйига борганимда, на соҳага масъул вазирлик, на ҳудуд сектор раҳбарлари бу ердаги муҳит ва шароит билан ишламагани аён бўлди.

Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашнинг тубдан янгиланган тизимини жорий этиш, уларнинг баркамол авлод сифатида шаклланиши ҳамда ижтимоий мослашувини таъминлаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 11 августда “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашнинг тубдан янгиланган тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори қабул қилинди.

–Мазкур ҳужжат ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳаётида шубҳасиз туб бурилиш ясайди, –дейди Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига қарашли А.П.Хлебушкина номидаги 22-Меҳрибонлик уйи директори  Шаҳри Бердиева.- Ҳадиси шарифда: «Мусулмон оилаларнинг энг яхшиси етимга яхшилик қилувчисидир, энг ёмони эса, етимга ёмонлик қилувчисидир» дейилган. А.П.Хлебушкина номидаги 22-Меҳрибонлик уйида 100 дан ортиқ тарбияланувчи бор.Бу  100 хил тақдир, 100 хил феъл -атвор дегани. Тақдир зарбасидан жароҳатланган норасидалар ҳар куни, ҳар дақиқа меҳрга муҳтож. Бугунги кунда Меҳрибонлик уйида миллий кураш, бокс, тикувчилик, пазандачилик, футбол, мусиқа, стол тенниси каби  17 турдаги  тўгараклар фаолият олиб боради. Қисқа қилиб айтганда, тарбияланувчиларнинг вақтларини унумли ўтказиши учун барча шароит  яратилган. Аммо балоғат остонасига етганда ҳар-бир ўспиринда ўтмишида олган “травмалар” ўз асоратларини кўрсатмасдан қолмайди. Мазкур Меҳрибонлик уйида 7-8 синф, балоғат ёшидаги ўғил-қизлар алоҳида бўлимга олинади.Шундан синовли кунларда уларнинг отаси ҳам, онаси ҳам, яқини ҳам давлат бўлади. А.П.Хлебушкина 53 йил З7 миллат боласига оналик қилди.1942 йил Россиянинг уруш бўлаётган шаҳарларидан ота-онаси вафот этган болалар Ўзбекистонга эвакуация қилинган.Ўзбекистонда “Ёш ўлкашунослар” номли марказ таркибида мазкур 22-Меҳрибонлик уйи ташкил қилинган. 1942 йилдан 1996 йилга қадар А.П.Хлебушкина Меҳрибонлик уйига раҳбарлик қилган.  

Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларининг  талаб ва истаклари ҳамиша давлатимиз раҳбарининг эътиборида.Улар учун яратилаётган шарт-шароитлар бу масканда камол топаётган болалар қалбидан чуқур жой олиб, келажакка умид, ишонч бермоқда. Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсадида 2021 йил 15 августдан бошлаб уларни уй-жой билан таъминлаш, ўзларига бириктирилган турар жойга эга бўлмаган ва турар жойга муҳтожлар сифатида ҳисобда турган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга улар 18 ёшга тўлган йилда кўп квартирали уй-жойлардан умумий майдони 25 квадрат метрдан кам бўлмаган 1 хонали, вояга етган етим болалар ўртасида никоҳ тузилган ҳолларда, 50 квадрат метрдан кам бўлмаган 2 хонали квартиралар ажратилади. Бунда мазкур тоифага кирувчи ногиронлиги бўлган болаларга квартиралар кўп қаватли уйларнинг учинчи қаватигача ажратилади.

Зеро, бу каби шароитлар қалби ўксик болажонларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, ҳимояланган дунёда яшаш имкониятларига, бахтли болаликка эга бўлишига ва ўз мамлакатининг тўла-тўкис ва хотиржам фуқароси бўлиб ўсишига хизмат қилиши, шубҳасиз!

Муҳайё  Тошқораева, ЎзА