Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ота-онамни руҳлари мени доимо қўллаб туради”
09:15 / 2023-03-14

Зулфияхоним издошлари

Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида Президентимиз қарорига кўра, юртимизнинг энг фаол ва истеъдодли қизлари қаторида Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий маҳалласи ёшлар етакчиси Фарангиз Худоёрова ҳам Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди.  

Албатта, ҳар бир қиз орзу қиладиган бу юксак эътирофга сазовор бўлиш осон эмас. Бунинг учун аввало мукофотга номзод адабиёт, санъат, маданият, санъат, спорт соҳасида ёрқин истеъдоди билан тенгдошларига ибрат бўлиши ёки жамият ҳаётида фаол иштирок этиб, эътибор қозониши керак. Олти ёшида отасидан, 13 ёшида онасидан айрилиб, ака ва опаларининг қўлида қолган Фарангизнинг бу мукофотга эришгунча босиб ўтган йўли равон кечмаган. У ижодкор ёки спортчи сифатида катта ютуққа эришмаган. Лекин илм йўлида изланишдан, заҳматларни енгиб ўтишдан қочмаган. Ўзи кўмакка муҳтож бўлса ҳам бошқа тенгдошларига ёрдам беришга интилар, одамларга яхшилик қилишни олий мақсад деб билади. Шунинг учун коллежни битирганидан сўнг кўп вақтини Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида ўтказар, ўқирди, изланарди. Иш ҳақи олса, олмаса ҳам тенгдошлари учун нимадир қулайлик яратишга, уларга ёрдам беришга ҳаракат қиларди.  

“Ёшлар туризми” тўгарагига етакчилик қилди, бир қатор тадбирлар, танловлар ташаббускори бўлди. Икки-уч йил ичида бу каби тадбирларда “пишиб” ёшлар орасида танилиб қолди. Кейинги йилларда давлатимиз томонидан хотин-қизларга эътиборнинг кучайтирилиши, уларнинг ўқиши, касб-ҳунар ўрганиши, тадбиркорлик қилиши ёки ишлаши учун имкониятлар кенгайтирилиши, имтиёзлар кўпайтирилиши кўплаб қизлар қатори Фарангизнинг ҳам ҳаётини ўзгартирди. У ёшлар иттифоқи тавсияси бўйича Самарқанд давлат чет тиллар институтига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинди. Баъзида бу тарзда ўқишга ёки ишга қабул қилинганлар бундан кейин ҳам кимларнингдир ёрдамига эҳтиёж сезади, нимадир натижага эришиш учун туртки бўлишини кутади. Фарангиз эса орзуси ушалиб ўқишга киргач, яхши ўқиб, етук мутахассис бўлишга астойдил ҳаракат қилди. Тинимсиз ўқиди, инглиз тили билан бирга бошқа тилларни ҳам пухта ўзлаштирди. Бўш вақтларида эса ёшлар ташкилотидаги ишини давом эттирди. Ўқиб, ҳам ишлади. Шижоатли қизнинг бу меҳнатлари бесамар кетмади, талабалик вақтида Алишер Навоий номидаги давлат стипендияси соҳиби бўлди. Ўтган йил институтни битириб, магистратурага ҳужжат топширди.  

– Ўқишга киргунимга қадар талаба бўлиш энг катта орзуим эди, – дейди Фарангиз. – Бу мақсадга эришгач, талабалик чоғларимда шунга амин бўлдимки, илм жуда чуқур уммон, унинг тубида биз билишимиз, ўрганишимиз керак бўлган кўп сир-синоатлар бор экан. Шунинг учун талабалик вақтимда мутахассислигим бўйича инглиз тили билан бирга немис, хитой, турк тилларини ўргандим. Бир қатор халқаро танловларда, илмий конференцияларда қатнашдим. Озми-кўпми ютуқларга эришдим. Ўқишни битирганимдан сўнг бу изланишларимни магистратурада давом эттиришга қарор қилдим ва айни пайтда биринчи босқичда таҳсил оляпман. Бундан ташқари, Самарқанд шаҳар Алишер Навоий маҳалласи ёшлар етакчисиман. Фарангизнинг ташаббуси билан вилоят ёшлар ташкилоти қошида “Инглиз тили”, “Ёш журналистлар мактаби”, “Ёш лекторлар клуби” ташкил этилди. Шунингдек, Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва Самарқанд давлат чет тиллари институти ҳамкорлигида “Самарқанд илмли қизлари” клуби фаолияти йўлга қўйилишида ҳам фаол ташаббускорлардан бўлди ва айни чоғда ушбу клуб раҳбари ҳисобланади. Бундан ташқари, Фарангиз Президент ҳузуридаги давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Самарқанд вилоят филиали қошидаги “Келажак лидерлари” клуби раҳбари ўринбосари сифатида бошқарув органлари учун замонавий фикрлайдиган, илмли ёшларни тайёрлашга ҳисса қўшиб келмоқда. Мазкур клуб фаоллари қаторида ўтган йил Туркия давлатида хизмат сафарида бўлиб, билим ва малакасини ошириб келди.  

– Президентимиз ташаббуси билан 2022 йилдан маҳаллаларда ёшлар етакчиси лавозимининг жорий этилиши жойларда ёшлар билан ишлаш самарадорлигини оширишга жуда катта туртки берди – дейди Фарангиз Худоёрова. – Мен бу тизим концепцияси билан танишиб, мақсад ва вазифаларни пухта ўрганиб, маҳаллада ишлашга қарор қилдим. Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Самарқанд филиали томонидан ўтказилган очиқ танловда қатнашиб, Алишер Навоий маҳалласи ёшлар етакчиси бўлдим. Аввало маҳалламизда хатлов ўтказиб, ҳар бир йигит-қизнинг орзу-ниятлари, муаммо ва ташвишлари билан қизиқдим. Улар ҳақидаги маълумотлар базасини яратдим. Шу асосида уларнинг ҳар бирига ёрдам беришга ҳаракат қиляпмиз. Хусусан, 21 нафар йигит-қизни “Ёшлар дафтари” га киритиб, уларга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, ўқиши учун тўлов-шартнома пулини тўлаш, касб-ҳунарга ўргатиш ва асбоб-ускуналар олишига кўмаклашдик. “Беш ташаббус” олимпиадасида ҳам маҳалламиз ёшлар фаол иштирок этиб келмоқда. Фарангиз Зулфия номидаги Давлат мукофотига эришиши ҳақида сўзлаганда кўз ёшларини тия олмади.  

– Бу мукофотни олганимни ота-онам кўрмагани, айниқса, қувончли кунимда онажонимнинг ёнимда бўлмагани қалбимни ўртайди – дейди у. – Лекин мен доим уларнинг руҳи қўллаб турганини ҳис қиламан. Уларга муносиб фарзанд бўлганимдан, кимларгадир ёрдамим тегаётганидан фахрланаман.  

 

Ғ.ҲАСАНОВ,  

ЎзА