Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ота-оналик – улкан масъулият
13:02 / 2026-03-10

Оила қуриб, ота-оналик бахтига мушарраф бўлиш жараёни айни пайтда эркак ва аёл зиммасига улкан масъулият ҳам юклайди.

Мутахассисларнинг фикрича, масъулиятли ота-оналик — бу фарзандни нафақат моддий таъминлаш, балки унинг жисмоний, ақлий, руҳий, маънавий ва ижтимоий ривожланишида онгли ва изчил иштирок этишни англатади. Бу жараён ота-онанинг бола эҳтиёжларини тўғри тушуниши, эмоционал қўллаб-қувватлаши, интизом ва меҳрни мувозанатда сақлаши, ҳамкорликдаги тарбияда фаол қатнашиши орқали намоён бўлади.

Масъулиятли ота-оналик мезонлари ота-онанинг фарзанд тарбиясидаги онгли иштироки, мажбуриятлари, мулоқот маданияти ва шахсий намунаси каби жиҳатлардан иборатдир.  

Масъулиятли ота-онанинг феъл-атвори – боланинг ривожланиши, бахтли бўлиши ва жамиятда муносиб ўрин эгаллашини таъминловчи асосий омил. Ушбу мезонлар ота-онанинг ўзини баҳолаши, тарбиявий курслар ва давлат сиёсатини шакллантириш учун мустаҳкам асос бўлади.

“Оила ва гендер”  илмий-тадқиқот институти олимларининг эътироф этишича, бугунги кунда фарзанд тарбияси нафақат ота-онанинг шахсий вазифаси, балки таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш тизими, жамоат ташкилотлари ва рақамли платформалар билан ҳамкорликда амалга оширилиши керак бўлган ижтимоий жараёнга айланмоқда. Айни пайтда, ҳамкорлик технологиялари — яъни ота-она, бола ва мутахассислар ўртасида ахборот алмашиш, мувофиқлашган ҳаракатларни таъминловчи рақамли ва оффлайн воситалар – ушбу жараённи самарали ташкил этишда муҳим ўрин тутади. ЮНИСЕФ таърифига кўра, масъулиятли ота-оналик болалар ҳуқуқларини ҳурмат қилган ҳолда, уларнинг эҳтиёжларини тушуниш, меҳр ва қўллаб-қувватлаш орқали тарбиялаш жараёнидир.  

Масъулиятли ота-оналикни ривожлантиришда ҳамкорлик технологияларидан фойдаланиш бўйича халқаро тажрибалар ота-она, таълим муассасалари ва жамият ўртасидаги ҳамкорликнинг инновацион шаклларини очиб беради. “Оила ва гендер” илмий тадқиқот институти олимларининг изланишларига кўра, масалан, Финляндия, таълим тизимида ота-оналар билан ҳамкорлик – мактаб таълимигача бўлган босқичданоқ марказий ўрин тутади. Бу ерда “Parent Partnership” модели асосида ҳар бир бола учун шахсий ривожланиш режаси тузилади. Бу режа ота-она, бола ва мутахассислар (ўқитувчи, психолог, дефектолог) томонидан ҳамкорликда ишлаб чиқилади. Онлайн платформа орқали боланинг ривожланишини баҳолаш, фикр алмашиш, маслаҳат бериш имконияти мавжуд. “Wilma” номли миллий ахборот тизими орқали ота-оналар бола ҳаётидаги ҳар қандай ўзгаришдан хабардор бўлиб туради.  

Япония оилаларида фарзанд тарбиясида оталарнинг иштирокига катта эътибор қаратилади. Буни таъминлаш учун “Smart Parenting” дастури жорий этилган. Бу мобиль иловалар ва онлайн платформалар тўплами бўлиб, боланинг таълим, хулқ-атвори ва ривожини кузатишга имконият беради. Иловалар ота-онага фарзандининг дарсдаги иштироки, баҳолари ва хулқи ҳақида реал вақтда маълумот юборади. Болалар боғчалари ва мактаблар электрон кундаликлар ва фото-ҳисоботлар орқали ота-оналарни доимий хабардор қилиб туради. “Family ICT” дастури орқали ота-оналарга ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмалари ўргатилади.  

АҚШда масъулиятли ота-оналикни ривожлантириш ва ажрашган ота-оналар ўртасидаги ҳамкорликни яхшилаш мақсадида OurFamilyWizard платформаси ишлаб чиқилган. Бу платформа ота ва она ўртасида фарзанд тарбиясига оид барча маълумотлар, тақвимлар, маслаҳатлар ва вазифаларни изчил мувофиқлаштиришга хизмат қилади.

Канадада болаларнинг ҳиссий ривожига ва ота-оналарнинг фарзанд билан муносабатларини чуқурлаштиришга оид “Roots of Empathy” дастури жуда машҳур. Бу дастурда она ва чақалоқ синфларга ташриф буюради ва болаларнинг эмпатия ҳиссини ривожлантиради. Ота-оналар ҳам дастурнинг модулларида иштирок этиб, бола эҳтиёжларини онгли қондиришни ўрганади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда масъулиятли ота-оналикни ривожлантириш, айниқса, фарзанд тарбиясида ота-она масъулиятини оширишга доир бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  фармонига 1-илова билан 2022-2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича миллий дастур қабул қилинди. Миллий дастурни амалга оширишнинг тўртинчи устувор йўналиши сифатида “Оиланинг тарбиявий-таълим салоҳиятини мустаҳкамлаш, жамиятда оилавий қадриятларни сақлаш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш” белгиланди.  

«Ўзбекистон — 2030» стратегиясининг “Ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш йўналиши бўйича 2025 йилга мўлжалланган амалий тадбирлар режасининг 43-бандида “Таълим муассасаларида, маҳаллаларда, меҳнат жамоаларида «Масъулиятли ота-оналик» лойиҳасини амалга ошириш вазифаси юклатилган.  

Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти томонидан соҳа олимлари ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда “Масъулиятли ота-оналик” лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳанинг асосий мақсади ёш оилаларга масъулиятли ота-оналик мезонларини жорий этиш орқали соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш тизимини такомиллаштиришдан иборат. Лойиҳа доирасида масъулиятли ота-оналик мезонлари ишлаб чиқилди. Ота-оналарга мўлжалланган “Ота-оналикка тайёргарлик”, “Ота-онанинг репродуктив саломатлиги”, “Ота-онанинг педагогик психологик малакалари”, “Ота-онанинг иқтисодий билимдонлиги” ва “Оиланинг маънавий-ахлоқий муҳити” номли услубий қўлланмалар тайёрланди. Ота-оналарни масъулиятли ота-оналикка ўргатиш бўйича “Масъулиятли ота-оналик” номли ўқув қўлланма нашр қилинди ва Оила ва хотин-қизлар қўмитаси тизими, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш бўлимлари, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказларига етказиш чоралари кўрилди. “Масъулиятли ота-оналик” тренинг дастури ва тренерлар учун ўқув-услубий қўлланма тайёрланди.  

“Масъулиятли ота-оналик” лойиҳаси 3 босқичда амалга оширилмоқда. Биринчи босқичда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Нуроний жамғармаси, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Маънавият ва маърифат маркази, Ёшлар ишлари агентлигидан энг фаол ва нотиқлик маҳорати юқори бўлган, масъулиятли ота-оналик бўйича билим ва маълумотларни етказиб бера оладиган мақсадли фокус гуруҳлари шакллантирилди. Оила ва гендер илмий-тадқиқот институтида тренерларни тайёрлашга қаратилган 2 кунлик ўқишлар ташкил этилди.

Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказларида никоҳланувчи ёшларни ўқитишга мўлжалланган “Масъулиятли ота-оналик” ўқув дастури ва ўқув-услубий мажмуаси тайёрланмоқда. Ўқув-услубий мажмуада масъулиятли ота-оналик мезонлари бўйича маъруза матнлари, амалий машғулотлар, кейслар, топшириқлар, тестлар, назорат ва муҳокама саволлари бўлади. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида институт томонидан “Масъулиятли ота-оналик” веб-сайти ва мобил иловаси яратилиши устида ишлар олиб борилмоқда. Веб-сайтга лойиҳа доирасида тайёрланган видеодарслар, ўқув услубий мажмуа, услубий қўлланмалар, ижтимоий видеоролик жойлаштирилади. Электрон платформа орқали “Масъулиятли ота-оналик” курсини муваффақиятли тугатган оилаларга “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институтининг ижтимоий сертификатини бериш тизими жорий қилинади.

Мутахассисларнинг фикрича, масъулиятли ота-оналикни ривожлантиришда ҳамкорлик технологиялари самарали усул ҳисобланади. Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, боланинг ҳар томонлама ривожи учун ота-она, таълим муассасаси ва жамият ўртасидаги ҳамкорликни интерактив ва рақамли платформалар орқали йўлга қўйиш катта натижа беради. Ўзбекистонда ҳам бу соҳада илк қадамлар қўйилаётган бўлса-да, халқаро тажрибаларни мослаштириш орқали миллий тарбия тизимини мустаҳкамлаш имконияти мавжудлиги эътиборга молик.  

Н.Усмонова тайёрлади,

ЎзА