Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ота-оналардан бири мактабга масофавий ҳарорат ўлчагич совға қилди
09:10 / 2020-09-05

Пандемия шароитида мактабларда ўқув жараёни бошланаётганлиги бугунги кунда ҳеч бир инсонни бефарқ қолдирмаяпти.


Пандемия шароитида мактабларда ўқув жараёни бошланаётганлиги бугунги кунда ҳеч бир инсонни бефарқ қолдирмаяпти.

Бугун аксарият ота-оналар фарзандларини анъанавий тарзда ўқиши учун мактабга юборар экан у ерда унинг хавфсизлиги қай даражада таъминланганидан қайғурмоқда. Янги синовли ўқув йили нафақат Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш ёки бошқа мутасадди вазирлик ва идоралар, балки ҳар биримиз учун жуда катта масъулият юклайди.

Пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги 81-сонли математика фанига ихтисослаштирилган давлат умумий ўрта таълим мактаби 4“Б”-синф ўқувчисининг отаси Қудратилла Тохтахонов фарзанди ўқиётган мактабга ўзи ташаббус билдирган ҳолда масофавий ҳарорат ўлчагич (тепловизор) совға қилгани ана шундай масъулиятнинг бир кўриниши сифатида намоён бўлди.

– Ота-оналар томонидан олдимизда турган масъулиятли ўқув йили олдидан кўрсатилаётган бундай эътибор мактаб жамоасини янада руҳлантирди, – дейди 81-сонли мактаб директори Зиёда Ҳайдарова.​ – Давлатимиз томонидан пандемия шароитида ўқувчилар хавфсизлиги учун зарурий анжомлар билан таъминланиши маълум қилинган бўлсада, мактабимиз ота-оналари томонидан фарзандларимизга шундай ғамхўрлик кўрсатилганини эътироф этмасликнинг иложи йўқ.
Бундан ташқари туманда фаолият юритаётган тадбиркорлардан бири мактабга беғараз ёрдам сифатида зарурий санитария-гигиена воситаларини ҳам совға қилган.

Бугун ижтимоий тармоқларда тарқалаётган турли салбий фикрлар фонида ташаббускор, саховатли инсонларимизнинг мактабга кўрсатаётган бу каби ғамхўрлиги таҳсинга сазовор, албатта.

Бугунги синовли кунларда мактабларга кўмаклашиш масаласини умуммиллий ҳаракатга айлантирсак, олдимизда турган синовлардан муваффақиятли ўтамиз.