Ёшларни она ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, Қуролли Кучларнинг салоҳиятини намойиш этиш мамлакатимизда ўтказилаётган “Ватанпарварлик ойлиги” нинг бош мақсадидир.
Мазкур ойлик Ўзбекистонда яшовчи ҳар бир фуқарога, ҳар бир оилага Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ўрни ва аҳамиятини етказиш, халқ ва армия якдиллигини амалда намоён этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Ойлик тадбирлари доирасида Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари Фарғона вилояти тарихи ва маданияти давлат музейида бўлди. Музейдаги экспонатлар билан танишди. Шундан сўнг Фарғона вилоятидаги ҳарбий қисмлардан бирида “Аскар оналарини шарафлаймиз”, “Аскар – маҳалла фахри”, “Менинг акам – Ватан ҳимоячиси” мавзуларида видеомулоқот ўтказилди.

Тадбирда фарзанди Қашқадарё, Навоий, Бухоро вилоятларидаги ҳарбий қисмларда муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган Фарғона водийсидаги ота-оналар, маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари, шунингдек, воҳадан келиб Фарғона Андижон Наманган вилоятиларида йигитлик бурчини адо этаётган аскарлар ўз яқинлари билан дийдорлашди. Мулоқот жараёнида ота-оналар фарзандлари билан ҳарбийлик ҳаёти, уларга яратиб берилган шароитлар ҳақида суҳбатлашди.
– Юрт ҳимоячиси бўлиш қанчалик шарафли бўлса, бундай масъулиятни елкага олган ўғлоннинг онаси бўлиш ҳам шу қадар шукуҳли эканини яна бир бор ҳис қилдим”, – дейди фарзанди билан мулоқот қилган Ҳидоятхон опа.
Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинларига қарашли Риштон туманидаги ҳарбий қисмларнинг бирида аскарларнинг ота-оналари фарзандларининг хизмат жараёни, улар учун яратилган шароитлар билан таништирилди.
Манавий-марифий тайёргарлик синф хонаси, кутубхона, ётоқхона, спорт зали билан танишув давомида ота-оналар аскарларнинг ҳаёти ҳақида батафсил тушунча ва тасаввурга эга бўлди.
Ватанимизга содиқ, мард ва юртпарвар йигитларни ўстиргани учун оналарга миннатдорлик билдирилди.
Барно Мелиқулова,
ЎзА