Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ота оиланинг моддий таъминоти, балки маънавий-ахлоқий муҳитга ҳам масъулдир
17:06 / 2023-12-10

Одатда ҳар бир ота фарзандлари, келину куёвлари ҳамда набираларига бош бўлиб, уларга тўғри йўл кўрсатган ҳолда оилани бошқариши лозим. Чунки у нафақат оиланинг моддий таъминоти, балки ундаги маънавий-ахлоқий муҳитга ҳам жавобгардир.

Афсуски, пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида яшовчи ҳамюртимиз Абдусоли Иноғомов (исм-шарифлари ўзгартирилган) оиласида ўзаро ҳурмат-эътибор ва ҳамжиҳатликни таъминлай олмади. Оқибатда оиладаги парокандалик туфайли жиноят юз берди. 

Гап шундаки, Абдусоли аканинг 2 нафар – Абдусамад ва Абдурашид исмли ўғиллари бор эди. Бундан 7-8 йил олдин ака-ука уйлангач, оила аъзоларининг сафи янада кенгайди. Аммо кичкина келин Маҳфуза қайнона-қайнотаси ва қайноғаси билан сира муроса қила олмади. Абдурашид эса яқинларининг, ҳам хотинининг тинчини ўйлаб, бола-чақаси билан бирга алоҳида хонадонга кўчиб чиқиб кетди. Шундан кейин орадан 4-5 йил ўтиб кетди.

Албатта, ўтган вақт мобайнида кичик ўғилнинг фарзандлари ҳам катта бўлиб қолишди. Лекин болажонлар ҳар куни бобо ва бувисига талпиниб туришарди. Шу боис Абдурашид Иноғомов ота-онаси ва акасининг оиласи билан муносабатларни тикламоқчи бўлди. Яъни 2023 йил 28-август куни кечки пайт аёли ва фарзандларини ота-онасиникига олиб боришни режалаштирди. Аввал хабар бериш учун отасига қўнғироқ қилди.

– Уйимизга ўтаверинглар, мен ҳам ярим соатда етиб бораман, – деди ишхонасидан эндигина чиққан Абдусоли ака.

Шундан сўнг тахминан соат 20:00 ларда эр-хотин болалари билан бирга Абдусамад ва ота-онаси яшаётган хонадонга боришади. Бироқ эски гина-кудратлар туфайли акаси уларни уйга киргизмайди. Бу ҳолат эса Маҳфузанинг асабига тегиб, у қайноғаси билан тортишиб қолади. Шунда Абдусоли Иноғомов уларнинг жанжалига аралашади. Оқибатда келин қайнотасига ҳам заҳрини сочади.

– Тилингизни тийинг, келин, – дея уни тартибга чақирди оила бошлиғи.

Лекин М.Иноғомова бақир-чақир қилиб, бутун йўлакни бошига кўтаради. Бу ҳам етмагандек, ўртадаги совуқчиликнинг пайдо бўлишида эрининг яқинларини айблайди. Табиийки, унинг айтаётган гаплари Абдусоли аканинг ғурурини топтаб, жаҳлини чиқаради.

Жаҳл чиқса, ақл кетар, деганларидек тутақиб кетган А.Иноғомов рўзғор пичоғини олиб, Маҳфуза ва Абдурашидга қараб югуради. Аниқроғи, аввал келинининг қўлига, сўнгра кичкина ўғлининг қорнига пичоқ уриб, тан жароҳати етказади.

Мазкур хонадонда бемаҳалда кўтарилган жанжал-тўполон ҳамда кафти қонга бўялган М.Иноғомованинг ёрдам сўраб бақиргани қўни-қўшниларнинг тинчини бузади. Шу боис кимдир дарҳол ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага хабар беради.

Шундан кейин Абдусоли Иноғомовга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида эса ушбу ҳолат кўриб чиқилади. Яъни суд судланувчини Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисми ва 104-моддаси 2-қисми “б", л” бандлари билан айбдор деб топиб, қонуний жазога маҳкум этди.

Кези келганда таассуф билан таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда аёлларга, опа-сингилларимизга нисбатан юз бераётган зўравонлик ҳамда таҳдид ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Ваҳоланки, Конституциямизнинг 26-моддасига биноан, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмас. Шундай экан, мамлакатимизда эркаклар ва аёллар тенг ҳуқуқли экани, хотин-қизларга нисбатан қилинаётган зўравонлик, албатта, тегишли жазога сабаб бўлишини ҳеч ким унутмаслиги керак.

Баҳромжон Бeрдиев,

Жиноят ишлари бўйича Мирзо 

Улуғбек туман судининг судьяси