Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясида “Ўта муҳим ва тоифаланган объектларда ёнғин хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб масалалари: муаммо ва ечимлар” мавзуида Республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманнинг мақсади ўта муҳим ва тоифаланган объектларда ёнғин хавфсизлигини таъминлашга доир мавжуд муаммоларни чуқур таҳлил қилиш, юқори хавфли инфратузилмаларда хавфсизликнинг замонавий талабларини белгилаш ҳамда илғор илмий-техник ва инновацион ечимларни амалиётга жорий этишдан иборат.

Анжуманни Академия бошлиғи Музаффаржон Мамасиддиқов очиб, республикамизда ҳар йили куз-қиш мавсуми давомида 1 декабрдан – 31 декабрь кунига қадар Республика ҳудудида “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги” ўтказилиб келиниши, ёнғинлар ва уларнинг оқибатлари, унинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишларга тўхталди.
Қайд этилганидек, мазкур ойлик доирасида кўп квартирали уйлар ва якка тартибдаги уй-жойлар, ижтимоий соҳа объектлари, шунингдек ишлаб чиқариш корхоналари, бозорлар, йирик савдо мажмуаларида ёнғинларнинг олдини олиш борасида кенг кўламли профилактика тадбирларини амалга ошириш, иситиш мавсумида ёнғинлар, ис газидан заҳарланиш ёки ҳаво газ аралашмасининг чақнаши билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида ишчи гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилган.

Анжуман доирасида ташкил этилган Академия профессор-ўқитувчилари ва мустақил изланувчилари ҳамда иқтидорли курсантлари томонидан ишлаб чиқилган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш тизимига оид бир қатор макетлар, илмий ишланмалар, услубий қўлланмалар, замонавий ахборот тенологиялари дастурлари намойиши анжуман иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.
Анжуман якунида долзарб мавзу юзасидан бир қатор олимлар ва мутахассислар томонидан берилган маълумотлар асосида таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.


Гулноза Бобоева, ЎзА