Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ота касби чўпонликни танлаган Қалдигул (+видео)
09:08 / 2022-03-06

8 март – Халқаро хотин-қизлар куни

Дунёда касблар кўп. Аммо шундай касблардан бири борки, у авлоддан-авлодга ўтади. Ўта шарафли ва машаққатли. Ҳар ким ҳам бу касбни эгаллашга журъат қилолмайди. Айниқса, хотин-қизларимиз орасида бу касб оммалашмаган. Бу чўпонликдир.

Ҳар йили 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида жамиятимизнинг фаол аёллари ҳақида турли жанрларда мақолалар, телекўрсатув ва радио эшиттиришлар тайёрлаш анъанага айланган. Бу йил ҳам байрам арафасида мақола тайёрлаш ниятида Навоий вилоятининг Конимех тумани “Сарижал” овул фуқаролар йиғинидаги “Конимех Сарижал Қосай” МЧЖда чўпонлик қилаётган аёл ҳақида эшитиб, чўлга отландик.

Сарижал овули вилоят марказидан қарийб 120 километр олисда – чўл ҳудудида жойлашган. Овул фуқаролар йиғинида Сарижал, Уразжан, Тери қудуқ ва Қизил қудуқ овуллари бўлиб, 1600 нафар аҳоли истиқомат қилади. Овул аҳолиси асосан, чорвачилик билан шуғулланади.

Дастлаб қаҳрамонимизни сўраб “Конимех Сарижал Қосай” МЧЖ раиси Батирхан Кўшкарбековга учрашдик. Йўл-йўлакай МЧЖ томонидан чорвачиликни ривожлантириш, чорва сонини ошириш, чўпонлар учун яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида суҳбатлашдик.

– МЧЖмизда 25 нафар оилавий пудратчи бўлиб, 12 мингта қўй-эчки, 130 та туя, 120 та от бор, – дейди суҳбатдошимиз. – Бизда асосан қоракўл зотли қўйлар боқилади. Бу йилги қишлов чўпонларимиз учун анча синовли давр бўлди. Сабаби ўтган йилда ёғингарчилик кам бўлганлиги боис ерда ўт-ўланлар бўлмади ҳисоб. Бу эса чорвага ем-хашак борасида қийинчилик туғдирди. Шунинг учун вақти-вақти билан чорвага хашак ташлаб туриш керак. Ҳозирда тул олиш мавсумига тайёргарлик кўрмоқдамиз. Ҳафтада бир марта оилавий пудратчиларимиз ҳолидан хабар олиб турамиз. Уларнинг муаммоларини ҳал этишга ҳаракат қиламиз.

Овул марказидан қарийб 20 километрча йўл босиб, излаган чўпонимиз отарига ҳам етиб келдик. Бизни 35 ёшлар атрофидаги аёл кутиб олди. МЧЖ раисининг айтишича бу биз сўраб келган чўпон – Қалдигул Эрмекова экан.

Қорачадан келган, кўзларида шижоат сезилиб турган, меҳнатдан қуёшда тобланган Қалдигул билан суҳбатимиз самимий кечди.

Қалдигул оилада 6 фарзанднинг учинчиси. Ота-боболари бир умр чўпон бўлган. У ҳам ота касбини улуғлаб, чўпонлик касбини танлади. 12 йил давомида отасига ёрдамлашди. Мана тўрт йилдирки, ўзи мустақил равишда бош чўпонлик қилмоқда.

– Чўпонликнинг гашти ўзгача, – дейди қаҳрамонимиз. – Кенг дала, тоза ҳаво – кўнглингиз яйрайди. Айниқса, чўпонлар учун ўта масъулиятли давр бўлган тул мавсумини якунлаб, соғлом қўзи олганда, уларнинг овозини эшитганда кузнинг қировли, қишнинг изғирин совуқларида чеккан азобларимиз бир зумда унутилади. Ота-боболаримиз “Чорва баракали, чорва бор хонадонда тўкинчилик бўлади”, деб кўп бор уқтиришган. Мана чорванинг орқасидан кам бўлганим йўқ. Шаҳарда уйимиз, “Нексия”, “Каптива” енгил автомашинам бор. Ҳеч кимдан кам жойимиз йўқ.

Ҳозирда Қалдигул отарида 400 та қўй бор. Уларнинг 300 таси тул олиш мавсумида қўзилайди. Эрта саҳарда – соат 4 да уйғониб қўйларни яйловга ҳайдайди. Кези келса гоҳ отда, гоҳ мотоциклда ҳаракатланиб, кун бўйи қўйларнинг ортидан юради.

– Бу йил қиш анча оғир келди, – дейди Қалдигул. – Айниқса, кузда рўй берган чангли бўронлар яна бир бор чўпонларни синовдан ўтказди. Чўл ҳудудида жойлашганлигимиз боис қум бўронларида чорвани боқиш анча қийинчилик туғдиради. Бўронда қўйлар қаерга боришни билмасдан, бошқа отарларга қўшилиб кетади. Тамғасидан таниб, ажратиб оламиз. Отам Суюбай Ермековдан ўрганганларим ҳозир қўл келмоқда. Қийналган вақтларим отамдан йўл-йўриқ сўрайман.

“Аёл кишига чўпонлик қилиш оғирлик қилмайдими? Бу касбни танлаганингизга афсусланмайсизми?” дея ундан сўраймиз.

<iframe width="1074" height="604" src="https://www.youtube.com/embed/eEXFGaZ5cJo" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>

“Тақдиримга шу касб битилган бўлса керак, ёшлигимдан қўй-қўзилар ортидан отамга ҳамроҳлик қилдим. Об-ҳавонинг иссиғига ҳам совуғига ҳам чидаб келаяпмиз. Саноқли кунлардан кейин қўзилатиш мавсуми бошланади. Уни кўнгилдагидек якунлаб олсак, барча қийинчиликлар унутилади. Бир нафар фарзандим бор. Исми Ақният. Насиб қилса олий ўқув юртларида ўқитиб, олий маълумотли қиламан. Ҳар куни юртимизга, халқимизга фойдаси тегишини ният қиламан”, дейди у.

[gallery-6025]

 

Қалдигул бу мавсумда ҳам туёқ сонини оширмоқчи. Отардан қайтар эканмиз, яна бир бор аёлларимизнинг матонатига, қийинчиликларга қарамай эл-юрт ривожи йўлида меҳнат қилаётганлигига тасанно айтиб, хайрлашдик.

Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА

Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА