Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ота-боболаримиз жасорати ёд этилди
19:09 / 2024-05-09

Барча жойда бўлгани каби Хоразмда ҳам 9 май – Хотира ва қадрлаш куни кенг нишонланмоқда.

Байрам арафасида секторлар раҳбарлари, идора ва ташкилотларнинг мутасаддилари, кенг жамоатчилик вакиллари, ўқувчи- ёшлар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, уруш фахрийлари, нуронийлар хонадонларида бўлиб уларга ҳурмат- эҳтиром кўрсатмоқда.

Иккинчи жаҳон урушида Хоразм вилоятидан 67 минг 300 нафар  киши жангларда қатнашиб, шулардан 21 минг 351 нафари эсон-омон юртимизга  қайтиб келишган. Бугун уларнинг 5 нафари ҳаёт.  

Бир асрлик тарихнинг жонли гувоҳи   бўлган бу табаррук  нуронийлар давлатимизнинг доимий эътибори ва халқимиз ардоғида умргузаронлик қилмоқда.    

Вилоят  ҳокими Жўрабек Раҳимов, секторлар раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари билан 2-жаҳон уруши фахрийлари – Ҳазорасп туманида  истиқомат қилувчи  Бекчон бобо Матназаров, янгиариқлик  Амин бобо Матниязов, Урганч шаҳрида яшовчи Собир ота Қурбонов,  қўшкўпирлик Вафо ота Искандаров, гурланлик Бобожон ота Мадаминов хонадонларида  бўлиб,  Президентимизнинг Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган  ғалабанинг 79 йиллиги муносабати билан  уруш фахрийларига йўллаган  табригини ўқиб эшиттирди,  20 миллион сўм пул мукофоти ҳамда қимматбаҳо совғаларни тантанали равишда  уларга топширди.  

[gallery-17357]

Юз ёш билан юзлашиб, ҳаётнинг барча аччиқ-чучугини тотган бу табаррук нуронийлар бундай эътибор учун ҳурматли Президентимизга самимий миннатдорчилик билдириб, юртимиз тинчлигини тилаб дуога қўл очдилар.  

–Иккинчи жаҳон уруши даврида жуда кўп яқинларимдан айрилдим, – дейди Амин бобо Матниязов. – Жангоҳларда кўплаб дўстларим ҳалок бўлганидан ташқари фронт ортида ҳам ҳаддан зиёд қурбонлар бўлди. Эсласам, ҳозир ҳам кўнглим хижил тортади. Илоҳим, бугунги замонамизга кўз тегмасин. Мамлакатимизда биз каби нуронийлардан ташқари ҳар бир инсон қадри улуғланмоқда. Буларни кўриб, жуда қувонаман. Давлатимиз раҳбарининг бизга ва халқимизга кўрсатаётган ғамҳўрлигидан мамнунмиз.  

Бугун 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Урганч шаҳри марказида жойлашган Хотира майдонида байрам тадбири бўлиб ўтди. Тадбирда вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари, вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан нуронийлар, байналминалчи жангчилар, фронт ортида фидокорона меҳнат қилган фаҳрийлар, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок қилди.  

Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов, секторлар раҳбарлари,  меҳнат фахрийлари,  ҳарбий-маъмурий сектор, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, ҳарбий қисмлар ва кенг жамоатчилик вакиллари Мотамсаро она ҳайкали пойига алвон гулчамбарлар қўйиб, жанг майдонларида  қаҳрамонлик намуналарини кўрсатган, истиқлол йўлида жон фидо қилган ота-боболаримизнинг букилмас иродаси, жасорати ва матонатини ёд этиб  ҳурмат бажо келтирди.

Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тадбирлар вилоятнинг шаҳар ва туманларида, меҳнат жамоаларида давом этмоқда.

Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари