Мажбурий ижро бюроси Андижон вилояти бошқармаси, унинг шаҳар, туман бўлимлари томонидан алимент билан боғлиқ ижро ҳужжатлари ижросини таъминлаш борасида зарур ишлар олиб борилмоқда.
Маълум бўлишича, фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судининг 10.12.2009 йилдаги ижро ҳужжатига асосан, қарздор Т.М.дан ундирувчи М.М. фойдасига икки нафар вояга етмаган фарзандлари таъминоти учун алимент ундирилиши белгиланган. Бюронинг Андижон шаҳар бўлими томонидан мазкур ижро ҳужжати бўйича қарздор Т.М.дан алимент тўловлари ўз вақтида ундириб келинган.
Бугунги кунга келиб фарзандлардан бири вояга етган, яна бири учун эса у уч йиллик алимент тўловини тўлаб бериши лозим. Т.М.нинг алимент тўловларидан қарзи мавжуд бўлмаса-да, алимент олувчи билан келишган ҳолда иккинчи фарзанди вояга етгунга қадар тўланадиган алимент пуллари ўрнига ундирувчига ўз номидаги “Spark” автомашинасини беришни таклиф этди.
Ундирувчи М.М. таклифни қабул қилгач, машина унинг номига ўтказиб берилди. Шунинг билан ижро ҳужжати амалда тўла таъминланди. МИБ ходимлари томонидан алимент тўловларини ундириш билан боғлиқ жараёнларда аввало, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, қолаверса, алимент бўйича қарздор оталар ўртасида фарзандлари таъминоти учун тўланадиган алимент пулларини ўз вақтида тўлаб бориш юзасидан тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Ф. Убайдуллаев, ЎзА