Мажбурий ижро бюроси Андижон вилояти бошқармаси, унинг шаҳар, туман бўлимлари томонидан алимент билан боғлиқ ижро ҳужжатлари ижросини таъминлаш борасида зарур ишлар олиб борилмоқда.
Мажбурий ижро бюроси Андижон туман бўлими иш юритувига фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судининг қарздор Х.И.дан ундирувчи Г.И. фойдасига бир нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати келиб тушган.
Қарздор Х.И. алимент тўловларини ўз вақтида тўламаганлиги сабабли 12 миллион сўм қарздорлиги вужудга келган. Бюронинг Андижон туман бўлими ходимлари томонидан қарздор билан олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида Х.И. алимент қарздорлигини тўлиқ бартараф этиб, 31 миллион 554 минг сўм тўловни амалга оширди.
Шунингдек, қарздор ундирувчи Г.И. билан келишган ҳолда фарзанди вояга етгунга қадар тўланадиган алимент пуллари ўрнига ўз номидаги “Spark” машинасини беришни таклиф қилди. Таклиф қабул қилиниб, машина ундирувчи номига ўтказиб берилди. Шу тариқа ижро ҳужжати ижроси амалда таъминланди. Фарзанд таъминоти учун моддий ёрдам кўрсатиш ҳар бир отанинг ҳам инсоний, ҳам қонуний бурчи ҳисобланади. Оталар қаерда бўлмасин ана шу бурчни асло унутмасликлари лозим.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА