Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ота 73,6 миллион сўм миқдоридаги алимент пулини биратўла тўлади
16:52 / 2020-02-08

Турли сабабларга кўра, рўй бераётган ажримлар оила қадриятига путур етказади.


Турли сабабларга кўра, рўй бераётган ажримлар оила қадриятига путур етказади. Айниқса, вояга етмаган ярим етим фарзандларнинг кўнгли озурда. Қолаверса, ёлғиз она олдида болаларни оёққа қўйишидаги етишмовчиликлар бор.

Суд ажрим ҳақида қарор чиқараётганда, ота зиммасига ўз фарзанди моддий таъминоти учун алимент тўлашини белгилаб қўяди. Бу жигарбандни вояга етгунига қадар оёққа туришида мадад ҳисобланади.

Афсуски, баъзи оталар қонун номидан иш кўрадиган суд ижро ҳужжатини назар писанд қилишмайди. Шунда уларга, муаммо тақозоси билан ўзга оилада яшаётган бўлса-да, ярим етимга айланган фарзандингиз томирида сизнинг қонингиз оқяпти-ку, дейишга ҳақлимиз.

Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судининг 2015 йил 5 октябрдаги ижро ҳужжатига асосан Бухоро шаҳрида яшовчи О. Ҳайдаров икки нафар фарзанди учун ундирувчи томон Г.Зиёева фойдасига фарзандининг моддий таъминоти учун ҳар ойда ишлаб топган даромадининг учдан бир қисми миқдорида алимент тўлаб бориши лозим эди. Бироқ, ота қонун талабини бажармай келаверди.

Мажбурий ижро бюроси Бухоро шаҳар бўлими фуқарони алимент қарздорлигини тўламаслик оқибатлари ҳақида жиддий огоҳлантирди. Шундан сўнггина ота жавобгарлик масаласини англади.

– О.Ҳайдаров Мажбурий ижро ҳаракатлари давомида 9 миллион 343,4 минг сўм миқдоридаги алимент қарздорлигини узибгина қолмай, фарзандлари вояга етгунга қадар тўланиши лозим бўлган 64 миллион 308 минг 334 сўм, жами 73 миллион 651 минг 762 сўм алимент пулларини биратўла “узиш” имконини топди, – дейди МИБнинг шаҳар бўлими давлат ижрочиси Тўлқин Найимов.

Ҳа, ота фарзандлари ва қонун олдида мажбуриятини бажарди. Албатта, кўнгли ҳам хотиржам.