Сирдарё вилояти Янгиер шаҳрида яшовчи қарздор ота ўз фарзанди вояга етгунча бўлган муддатни ҳисоблаб 159 миллион 442 минг 659 сўм алимент тўлади.
Маълум қилинишича, Фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судининг 2021 йил 22 февралдаги қарорига асосан, қарздор А.Т.дан ундирувчи Г.К.га бир нафар фарзандининг таъминоти учун даромадининг тўртдан бир қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган. Суд қарорига асосан, МИБ Янгиер шаҳар бўлими томонидан ижро иши юритилган.
Қайд этилишича, мазкур ижро ҳужжатига асосан, қарздорнинг мол-мулкларини аниқлаш мақсадида “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 21-, 87-моддаларига асосан тегишли ташкилотларга сўровномалар юборилган. Олинган маълумотларга асосан қарздорнинг барча мол-мулкларига тақиқ қўйилган.
Муқим даромади бўлмаган, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш кераклиги инобатга олиниб, МИБ ходимлари қарздор А.Т. билан суҳбат ўтказиб, унга фарзандини моддий қўллаб-қувватлаш ҳар бир отанинг бурчи эканлиги тушунтирилган.
Суҳбатдан ўзига тўғри хулоса чиқарган қарздор ота фарзанди вояга етгунига қадар бўлган муддат учун ҳисобланган 159 миллион 442 минг 659 сўмни тўлаб берди. Шундан сўнг мазкур суд ҳужжати ундирувчининг аризасига асосан Қонуннинг 40-моддаси 1-бандига асосан тугатилди.
Ш. Суяров, ЎзА