От спортининг конкур йўналиши бўйича йил давомида ўтказилган минтақалараро саралаш босқичларида муваффақиятли иштирок этган ҳамюртимиз Бекзод Қурбонов келгуси йили АҚШнинг Техас штатида ўтадиган жаҳон кубогининг финал босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Айтиш лозим, от спортининг конкур йўналиши бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Б.Қурбонов жорий йил апрель ойида Ўзбекистонда ўтган саралаш мусобақасида, ундан кейин Қозоғистон, Қирғизистон, Эстония, Россия, Германия каби мамлакатларда ташкил этилган нуфузли мусобақаларда умумий ҳисобда 1250 балл йиғишга муваффақ бўлди.

—Жаҳон кубогига ҳар бир қитъага тўплаган очколари ҳисобига кўра, 1 та йўлланма тақдим этилади. Евроосиё қитъасида энг кўп очко жамғарган спортчи сифатида келгуси йили АҚШда бўладиган жаҳон кубоги йўлланмасини Халқаро от спорти федерацияси менга тақдим этганидан жуда хурсандман. Албатта, бу катта масъулият. Йил давомида ўтказилган 7 тага яқин нуфузли саралаш мусобақаларида тўплаган очколарим натижасида бу ютуққа эришдим. Ушбу муваффақият бутун жамоамизнинг, қолаверса Ўзбекистон от спорти федерациясининг жонкуяр мураббийлари, мутахассислари меҳнати маҳсули, деб биламан. Насиб қилса, халқимиз ишончини оқлаб, жаҳон кубогида муносиб натижаларга эришишга бутун вужудим билан ҳаракат қиламиз, — дейди Бекзод Қурбонов.

Эслатиб ўтамиз, от спортининг конкур йўналиши бўйича жаҳон кубоги финал мусобақалари келгуси йилнинг 8-12 апрель кунлари бўлиб ўтади.
Т.Рўзиев,
ЎзА