Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Осуда тонглар шукронаси
10:37 / 2022-09-01

Яна бир мунаввар тонг отди. Мустақил ривожланишнинг янги босқичига қадам қўйдик.

Бу йўлларни босиб ўтишнинг ўзи бўлмади. Ҳузур-ҳаловатдан кечиш, сабр, шукроналик, меҳнату заҳмат , изланиш эвазига қўлга киритилди барча ютуқлар!

Айниқса кейинги олти йиллардаги ўзгаришлар наинки шу юрт одамларини, балки хорижликларнинг ҳайрати, ҳаваси, эътибори ва эътирофига сазовор бўлаётгани аниқ! Оғир пандемия даврида жаҳоннинг кўплаб давлатларида иқтисодий инқироз, ишсизлик, таназзул, маънавий кемтикликлар кўзга ташланган бир пайтда мамлакатимиз ўз тараққиёт йўлининг янги босқичига қадам қўйди. Эл-юрт, мамлакат фаровонлиги, маъмурлиги, ободлигига хизмат қилувчи, инсоннинг қадр-қимматини осмонлар қадар юксалтирувчи ташаббуслар ҳаётга кенг жорий этилмоқда.

Мамлакат тараққиётида мутлақо янгича бурилиш, янги босқичини бошлаб берувчи стратегик аҳамиятга молик йирик дастурлар қабул қилиниб, уларнинг ижроси қатъий таъминланишига жиддий эътибор қаратилмоқда. Раҳбару мутасаддилар ўз хизмат кабинетларини тарк этиб, жойларда, мамлакатнинг турли ҳудудларида одамларнинг дардини эшитиш, уларнинг муаммоларини ўрганишга астойдил киришди. Юртда кечаётган ўзгаришлар ҳар бир ҳудуд, гўша, маҳалла, хонадон, оила, тақдирларга ҳам кириб келмоқда.

Иқтисодиёт соҳасида мамлакат ривожини янги, янада юқори, илгари мисли кўрилмаган босқичга олиб чиқувчи лойиҳаларга кенг йўл очилди. Янги-янги жабҳалар учун инвестициялар оқимини шиддат билан кенгайтиришга аҳамият қаратилмоқда. IT, нонотехнологиялар соҳаси кўпчилигимиз кутмаган тарзда илгарилаб бормоқда. Энг илғор технологиялар, инновация ва янгиликлар жамият ҳаётига фаол кириб келмоқда. Тадбиркорларнинг шу юртни янада бойитиши, одамларни ишли, ҳаётию дастурхонини файзли қилиши, ўзи ҳам меҳнатининг роҳатини кўриши йўлида ҳамма шароитлар муҳайё этилмоқда. Бизнес одамларини ўйлантираётган муаммоларга бирин-кетин ечим топилмоқда.

Инсон омили устувор бўлган юртда билиб-билмай ҳуқуқбузарлик кўчасига кирганларни жазолашдан ҳам кўра, уларнинг ўз xатти-ҳаракати, хатоларини англаб етишга, тузатишга имкон берилмоқда.

Таълим соҳасидаги янгиланишлар натижаси бўлса керак, мана бир неча йилки, «фалончи яна ўқишга кира олмади» деган афсус-надомат ўрнини «ўғил-қизим, қадрдоним, қариндошим, қўшним олийгоҳ талабаси бўлди» деган қувончли энтикиш эгаллади. Маданият-маърифат ривожида янгича ёндашувлар кўзга ташланмоқда.

Қутлуғ айём арафасида Самарқанд шаҳрида «Буюк ипак йўли» халқаро сайёҳлик мажмуаси қуриб битказилди. Бу эса Самарқандга бўлган жаҳон қизиқишининг тобора ортишида асосий омил бўлиши шубҳасиз. Урганчда шерюрак Жалолиддин Мангубердининг маҳобатли ҳайкали очилди. Урганчда бу табаррук шаҳарнинг ташриф қоғозига айланадиган ал-Хоразмий шаҳарчаси қурилиши пойдеворига асос солинди.

Наинки Тошкент, балки мамлакатимизнинг барча шаҳарларида замонавий марказлар, ижтимоий объектлар, ишлаб чиқариш корхоналари, турар жойлар барпо этилди.

Биз бугун тинчлик, осуда кунлар, ёруғ тонглар, аҳиллик, ижтимоий барқарорлик, ҳамжиҳатликнинг қадр-қимматини ҳар қачонгидан ҳам кўра кўпроқ англамоқдамиз.

Кечагина «Янги Ўзбекистон» мажмуасида Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз бир йиллигига бағишланган тантаналарда Ўзбекистон тараққиётига доир галдаги вазифалар, устувор йўналишлар белгилаб берилди. Юрт ривожида маёқ бўлувчи бу улкан режалар мамлакат, жамият, ҳар бир фуқаро, сизу бизнинг ҳаётимизга яхшиликлар, ўзгаришлар олиб кириши тайин!


Назокат Усмонова,

ЎзА