Остона глобал кутубхона фаолияти марказига айланади. Қозоғистон пойтахти Марказий Осиёда биринчи марта “WLIC 2025” конгрессини ўтказади. Бу ҳақда “Казинформ” ёзган.
Халқаро кутубхоналар ассоциациялари ва институтлари федерацияси (IFLA) Остона шаҳри 2025 йил Жаҳон кутубхона ва ахборот конгресси (WLIC) мезбони бўлишини эълон қилди. Мазкур воқеа минтақанинг халқаро кутубхона майдонидаги аҳамияти ортиб бораётганини таъкидлайди.
– Остона ушбу нуфузли тадбир ўтказиладиган жой сифатида муваффақиятли тарғиб қилинишида “НК Kazakh Tourism” АЖнинг алоҳида хизмати бор, – дейилган хабарда. – Миллий компания жамоаси аризани тайёрлаш, техник ташриф ташкил этиш ва бошқа масалаларни ҳал этишда фаол қатнашди. Компаниянинг кутубхоначиликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга қаратилган фаолияти Қозоғистонни муҳим маданий ва илмий марказ сифатида намоён қилишга кўмаклашади.
“WLIC 2025” дунё кутубхоначилари ва ахборот соҳасидаги мутахассислар ўзаро билим, тажриба алмашиши учун ноёб имконият яратади.
М.Пирматова, ЎзА