Жорий йилнинг 4-10 июль кунлари Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида оғир атлетика бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида Осиё чемпионати ўтказилади. Чемпионат олдидан ташкил этилган халқаро семинарда қитъа мамлакатларининг вакиллари қаторида Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси мутахассислари ҳам иштирок этди.
Семинар давомида Осиё оғир атлетика федерацияси мутасаддилари, бир қатор давлатларнинг спорт менежерлари билан халқаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, қўшма ўқув-машғулот йиғинлари ташкил этиш, допингга қарши курашда янгича тамойилларни жорий этиш, спортчиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, тиббий истиснолардан фойдаланиш ва ёшлар орасида соғлом муҳитни шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.

Муҳокамалар давомида Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси етакчи мутахассиси Азамат Шарипов мамлакатимизда жорий этилган “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” ўйинлари, маҳоратли спортчиларни тайёрлаш, саралаш тизимидаги янгиликлар ҳақида гапириб берди.
Тадбирда, шунингдек, бошланаётган Осиё чемпионатида Халқаро оғир атлетика федерацияси томонидан жорий этилган янги вазн тоифалари, жорий йилнинг 22-31 октябрь кунлари Баҳрайнда ўсмирлар ўртасида ўтадиган ёзги Осиё ўйинларида оғир атлетика мусобақаларининг техник-тактик жиҳатлари кўриб чиқилди.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистоннинг Остона шаҳрида ўтадиган Осиё чемпионатида Ўзбекистон ёшлар ва ўсмирлар терма жамоасининг 28 нафар аъзоси 16 та вазн тоифасидаги баҳсларда ғолиблик учун кураш олиб боради.
Мамлакатимиз оғир атлетикачилари бугун Қозоғистонга жўнаб кетади.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА