French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Остонада минтақавий экологик саммитга тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди
15:15 / 2026-02-18

Мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш, иқлим ўзгаришига мослашиш ва келажак авлод манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари тобора устувор аҳамият касб этмоқда.

Шу нуқтаи назардан, минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва илғор тажрибаларни алмашишга қаратилган халқаро мулоқотлар муҳим ўрин тутади. Ана шундай учрашувлардан бири Остона шаҳрида бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Обиджон Қудратов  бошчилигидаги делегация Минтақавий  экологик саммит (RES-2026) арафасида ўтказилган юқори даражадаги йиғилиш ҳамда болалар, ёшлар ва иқлим ўзгариши масалаларига бағишланган минтақавий давра суҳбатида иштирок этди.  

UNICEF кўмагида ташкил этилган тадбирда Қозоғистон Экология ва табиий ресурслар вазири Ерлан  Нисанбаев  ҳамда Маориф вазирлигининг биринчи вице-вазири Мереке Мелдебекова, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва экспертлар ҳамжамияти вакиллари қатнашди.

Учрашувларда асосий эътибор саммитга тайёргарлик ишлари ва экологик барқарор таълим тизимларини шакллантиришга бағишланган “Яшил мактаб” минтақавий платформасини илгари суриш масалаларига қаратилди.  

Шунингдек, Ўзбекистонда барқарор ривожланиш маданиятини илгари суриш ва ёшларни иқлим кун тартибига жалб этиш бўйича Миллий стратегия қабул қилингани маълум қилинди.

Ташриф доирасида Ерлан Нисанбаев билан алоҳида учрашув ҳам ўтказилди. Унда сайғоқ популяциясини сақлаш, жумладан, 500 бош сайғоқни Ўзбекистонга ўтказиш ташаббуси муҳокама қилинди. Шу билан бирга, чегарадош ҳудудларда атмосфера ҳавоси ифлосланиши муаммолари ва экологик хатарларни камайтириш бўйича қўшма чора-тадбирларни мувофиқлаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Шунингдек, делегация аъзолари саммит тадбирлари ўтказилиши режалаштирилган майдонлар билан танишди.  

Халқаро кўргазмани ташкил этиш, логистика, аккредитация ва протокол масалалари муҳокама қилинди. Минтақа  мамлакатларининг миллий устувор йўналишларини акс эттирувчи “Дарахт” арт-инсталляцияларини яратиш таклифи ҳам алоҳида кўриб чиқилди.

Якунда томонлар кейинги ҳамкорликка тайёр эканликларини тасдиқлаб, 2026 йилги минтақавий экологик саммитни ўтказиш бўйича устувор қадамларни келишиб олди.  

Муҳайё Тошқораева, ЎзА