Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқоти бўлиб ўтди. Жорий йилда Қозоғистон Республикаси раислик қилган мулоқот якунлари бўйича халқаро конференция ўтказилди.
Унда Сенат Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси, шунингдек, Марказий Осиё парламентларининг вакиллари, БМТнинг Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази директори, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, давлат органлари, халқаро ва нодавлат ташкилотларнинг вакиллари, халқаро экспертлар қатнашди.
Тадбир доирасида Марказий Осиё минтақасида гендер зўравонликка қарши курашиш ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда парламентлар ва фуқаролик жамиятининг ўрни ҳамда минтақада хотин-қизлар учун қонун устуворлиги каби мавзулар муҳокама қилинди.
Сенат Раиси Т.Норбоева минтақа давлатларининг кейинги уч йилдаги фаол ҳамкорлиги ва муштарак фаолиятида мулоқот муҳим майдонга айланганини таъкидлади. Бизнинг платформамиз гендер тенгликни таъминлашга қаратилган ягона тузилмага айланди. Бу иштирокчи мамлакатларни бир-бирига янада яқинлаштирди ва бутун минтақамиз учун умумий бўлган долзарб масалаларни биргаликда муҳокама қилиш имконини берди. Биз билан биргаликда хотин-қизларнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти ҳам фаоллашди. Уларнинг бугунги тадбир ишида кенг иштирок этиши минтақада хотин-қизларни бирлаштиришда юқори даражага эришилганидан далолатдир.
Йиғилишда кун тартибидаги аёлларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш ва унга барҳам бериш, минтақада хотин-қизлар учун қонун устуворлигини таъминлаш каби масалаларда минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича янги амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш юзасидан фикр алмашилди.
Мулоқот доирасида 2023 йилда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, фаолиятнинг устувор йўналишларини белгилаш юзасидан фикр алмашилди.
Мулоқотда раислик муддати бир йил бўлгани сабабли 2024 йилда уни бошқа давлатга ўтказиш масаласи ҳам кўриб чиқилди ва раислик Қирғиз Республикасига ўтди.
Таъкидлаш жоиз, Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқоти минтақа парламентлари аёл аъзолари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш учун норасмий платформа ҳисобланади. Мулоқот БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази, БМТнинг Тараққиёт дастури ва “БМТ Аёллар” ташкилоти кўмагида ташкил этилган ва фаолият юритмоқда.
Мулоқот расман 2020 йил декабрь ойида иш бошлаган. 2021 йилда Ўзбекистон, 2022 йилда эса Туркманистон Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқотига раислик қилди.
Н.Абдураимова, ЎзА