Термиз давлат университетида ташкил этилган “Қалқон” жамоатчилик гуруҳи янги ўқув йилидаги ўз ишини бошлади.
Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотининг фаол аъзоларидан таркиб топган гуруҳда 30 нафар кўнгилли талаба олий таълим муассасаси ва ётоқхоналар ҳудудида “Хавфсиз ҳудуд – хавфсиз талаба” тамойили асосида жамоат тартибини сақлаб, ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда профилактика инспекторига яқиндан кўмаклашмоқда.

Сурхондарё вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати раҳбари, подполковник Фарҳод Тошбоевнинг таъкидлашича, университетда фаолият юритаётган жамоатчилик гуруҳи ҳудудда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишда ўз самараларини бермоқда. Вилоятдаги энг йирик олий таълим даргоҳида ижтимоий-маънавий муҳитни янада барқарорлаштиришга хизмат қилаётир. Шу боис эндиликда воҳадаги бошқа олий таълим муассасаларида ҳам “Қалқон” жамоатчилик гуруҳларини ташкил этиш режалаштирилмоқда.


Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири