Термиз шаҳар ички ишлар бошқармасида Сурхондарё вилояти ички ишлар органларининг амалдаги ва собиқ ходимлари фарзандларига квота асосида олий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун тавсиянома топширилди.
Шу муносабат билан Термиз шаҳар ички ишлар бошқармасида бўлиб ўтган тантанали тадбирда вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари, подполковник Шерзод Шадиев мамлакатимизда ички ишлар органлари ходимлари ва уларнинг оила аъзоларига кўрсатилаётган эътибор ҳақида атрофлича сўз юритди. Жорий йилда умумтаълим мактабларини муваффақиятли тугатиб, мустақил ҳаётга йўлланма олаётган ўғил-қизларга омад тилади.


Президентимизнинг 2018 йил 14 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбийлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда 2019 йил 26 февралдаги “Ички ишлар органлари ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларига мувофиқ бу йил вилоятда ички ишлар органлари 102 нафар ходимининг 112 фарзанди имтиёзли тавсияномага эга бўлди.


Тадбирда олий таълим муассасаларига ўқишга киришига имтиёз берувчи тавсиянома олган ўғил-қизларнинг ота-оналари ички ишлар органлари ходимлари ва уларнинг оила аъзоларига кўрсатилаётган ғамхўрлик учун давлатимизга чуқур миннатдорлик билдирди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири