14 январь – Ватан ҳимоячилари куни
Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармасининг навбатдаги маънавият ва маърифат дарсида “Миллий армия – она юрт қалқони, тинчлигимиз посбони!” шиори остида “Чегарачи” спектакли намойиш этилди.

Сурхондарё вилоят мусиқали драма театри режиссёри Ф.Болтаев саҳналаштирган асарда Ватан тинчлиги, осуда, обод юртда яшаётган одамлар келажаги, уларнинг фаровон турмуши учун сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш йўлида ҳамиша сергак хизмат қилаётган тинчлигимиз қўриқчилари ҳаёти юксак маҳорат билан ёритилган. Романтик драматик саҳна асари томошабинни зийраклик ва ҳушёрликка чорлаб, Ватан ҳимоячиси, деган шарафли касб эгаларининг матонатли хизматидан фахр ҳиссини туйишга ундайди.

Спектаклдаги воқеалар ҳарбийларнинг шарафли ва машаққатли хизматини акс эттиргани билан ички ишлар органлари ходимларида бой таассурот уйғотди.



Тадбир якунида “Янги йил арчаси” – “Энг яхши безатилган соҳавий хизмат”, “Энг яхши безатилган туман, шаҳар ички ишлар биноси”, ”Энг яхши безатилган профилактика инспекторининг хизмат уйи” ҳамда “Энг яхши безатилган таянч пункти” танловларининг вилоят босқичи ғолибларига пул мукофотлари ҳам тантанали топширилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири