Айрим касб эгалари борки, байрам кунлари ҳам улар учун оддий иш кунидан фарқ қилмайди. Барча оиласи даврасида байрам завқини ҳис этаётган бир пайтда улар хизматнинг энг масъулиятли нуқталарида туриб, халқ осойишталигини таъминлайди. Ички ишлар органлари ходимлари ана шундай фидойи касб соҳибларидандир.
Янги йил байрами муносабати билан Жиззах вилояти ички ишлар органларининг тунги хизматга жалб этилган ходимларига Ички ишлар вазирлиги ҳамда вилоят ИИБ раҳбарияти томонидан махсус йўриқномалар берилди. Унда белгиланган вазифаларни сўзсиз ва масъулият билан бажариш ҳар бир ходимнинг касбий бурчи экани алоҳида таъкидланди.

Йўриқномада жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, уларни аниқлаш, жамоат тартибини сақлаш ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга оид муҳим топшириқлар белгилаб берилди. Шунингдек, ис газидан заҳарланиш ҳамда ёнғин билан боғлиқ ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини кучайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Айни кунларда Жиззах шаҳридаги “Ёшлар шаҳарчаси”, “Кўк сарой” савдо мажмуаси, “Ўрда” экологик боғи, шунингдек, барча туман марказларида ўрнатилган Янги йил арчалари атрофи, марказий кўчалар ҳамда савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектларида жамоат хавфсизлиги тўлиқ таъминланмоқда.


Асосий мақсад — байрам кунларини турли кўнгилсиз ҳодисаларсиз, тинч ва осуда ўтказиш, юртдошларимизнинг Янги йилни хотиржам ва кўтаринки кайфиятда кутиб олишларига муносиб шароит яратишдир.
А. Қаюмов, ЎзА мухбири