Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Осмондаги Калашников: “Шаҳид” дрони ҳақида нима маълум?
17:05 / 2026-03-04

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқ орқали Баҳрайн ва Дубай осмони узра учган учувчисиз учоқлар акс этган видео лавҳа тарқалди. Очиқ манбалар таҳлили бундай қурилмалар Эронда ишлаб чиқарилган “Шаҳид” дрони эканини тасдиқлади. Мутахассислар фикрича, мазкур қуроллар минтақада янги хавфли тенденцияни шакллантирмоқда. Бу аслаҳанинг ўзига хос жиҳати – парвоз вақти худди мопед каби гувиллаб, баланд овоз чиқаради ва узоқ масофани босиб ўта олади.

“Euronews” нашри ёзишича, бу ерда асосий хавф технологиянинг сифати эмас, паст нархи билан боғлиқ. Зеро, оддий ва нисбатан арзон қисмлардан йиғиладиган “Шаҳид”нинг донаси тахминан 25-40 000 еврога тушади. Дронни йўқ қилиш учун эса ҳаво мудофааси тизими баъзан миллион долларлик ракетани ишга солади. Яъни, оммавий равишда ҳавога кўтарилган ўзи учар қурилмалар ўта қиммат, замонавий ҳимоя қуролларини ҳам қийнаб қўяди.

Мутахассислар бу учоқни “Самодаги Калашников” деб атамоқда: тузилиши содда, портловчи юки эса жуда хавфли.

Эрон аввалига минглаб шундай аслаҳани Россияга етказиб берди ва Украина билан урушда қандай қўлланаётганини кузатди. Энди Теҳрон шу тактикани Яқин Шарқда ҳам қўллаяпти.

“Шаҳид”нинг айрим моделлари парвоз масофаси 2500 километргача етади. Бошқача айтганда, Ўрта ер денгизи соҳилидан Арабистон ярим оролигача бўлган манзилларни қамраб олади. Шу боис бундай дрон АҚШ ҳарбий базалари, ҳудуддаги нефтни қайта ишлаш иншоотлари ва йирик шаҳарлар учун жиддий таҳдид сифатида баҳоланмоқда.

Дарвоқе, айни хавфга қарши ягона самарали усул кўп қатламли ҳаво мудофаа тизимини яратиш экани таъкидланяпти. Украина тажрибасида электрон кураш воситалари, мобил гуруҳлар ва махсус дрон-тутгичлардан фойдаланиш орқали “Шаҳид” русумли қурилмаларнинг 80 фоиздан кўпи йўқ қилинган. Президент Владимир Зеленский маълумотига кўра, Россия ҳозиргача қарийб 60 000 “Шаҳид” ишлатган. Табиий савол туғилади: Яқин Шарқ шундай оммавий ҳужумга тайёрми?

Мусулмон Зиё, ЎзА