Украина Россиянинг узлуксиз ракета ва дрон зарбалари асносида Германиядан яна бир нечта "Патриот" ҳаво мудофааси тизимини қабул қилди. Президент Владимир Зеленский кечқурун берган баёнотида аслаҳа аллақачон ўрнатилаётгани ва тез орада жанговар навбатчиликка киришилишини маълум қилди.
Етакчи ГФР Канцлери Фридрих Мерцга миннатдорлик билдираркан, бундай техника мамлакат учун энг самарали мудофаа воситаси бўлиб қолаётганини таъкидлади.
– Навбатдаги Патриотлар Украинада, аммо бутун мамлакатни, инфратузилма ва миллионлаб аҳолимизни ҳимоя қилиш учун ҳали бундай қурол бизга кўп керак, — деди Зеленский.
Берлин уч ой олдин Киевга икки тўплам "Патриот" мажмуасини ваъда қилган эди. Шу тариқа НАТО миқёсида етакчи ҳисобланган Германия ўз захирасидан энг кўп "Патриот" тизимини Украинага топширган давлатга айланди. Шунингдек, олмон давлати Украинага IRIS-T ва "Skynex" каби бошқа ҳаво мудофааси воситаларини ҳам етказиб бормоқда.
АҚШ билан келишувга кўра, Германия "Патриот"лари сафини кейинроқ Вашингтон тўлдиради. Трамп маъмурияти ҳозир Киевга қурол бермаётганини расмийлар яна бир бор тасдиқлади.
Матуот хабарига кўра, охирги тунги ҳужум чоғи РФ Украинага 12 та турли ракета, 138 зарба ва чалғитувчи дрон йўналтирди. Суми вилоятида дрон уйга урилиши оқибатида бир киши ҳалок бўлиб, оиланинг беш аъзоси жароҳатланди. Днепрдаги ишлаб чиқариш объектига ракета тушиб, яна бир одам жароҳатланган.
Украина ҳаво кучлари кўплаб дрон ва ракеталар йўқ қилингани, ва афсуски, айримлари нишонга текканини маълум қилди.
– Россия бегуноҳ аҳолини, тунги уйқу пайти хонадонларни нишонга олмоқда, — деди ҳудуд раҳбари Олег Григорьев.
Киев ҳам РФ иқтисодиёти таянчи саналган нефть инфратузилмасига ҳужумни давом эттиряпти. Саратовдаги йирик нефтни қайта ишлаш заводи кетма-кет тўртинчи марта зарба остида қолди. Амалиёт натижасида ёнғин юзага келган бу завод йилига бир неча миллион тонна нефть қайта ишлайди.
Зеленский аввалроқ Украина узоқ масофага учувчи ракеталар билан Россия нефть қувватининг 20 фоизини ишдан чиқарганини айтган.
Мусулмон Зиё, ЎзА