Жорий йилнинг 16-23 август кунлари Колумбиянинг Барранкилья шаҳрида 16 ёшгача бўлган шахматчилар ўртасида Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси мусобақалари бўлиб ўтади.
Бугунгача 9 та турдан иборат олимпиада ўйинларида дунёнинг 45 та мамлакатидан 89 та жамоа иштирок этиш талабномаларини тақдим этган.
Хўш, мазкур нуфузли мусобақада мамлакатимиз шарафини қайси ёш шахматчиларимиз ҳимоя қилади?
Ўзбекистон шахмат федерацияси мураббийлар кенгашининг жорий йил май ойидаги қарорига мувофиқ Колумбия мусобақаларида ватанимиз шарафини маҳоратли шахматчиларимиздан Афрўза Ҳамдамова, Ҳумоюн Бекмуратов, Муҳаммадзоҳид Суяров ва Асроржон Омонов ҳимоя қилиши белгиланган.

Тарихга эътибор қаратадиган бўлсак, 2018 йили Туркиянинг Конья шаҳрида ташкил этилган 16 ёшгача бўлганлар ўртасидаги Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов ва Ситора Сапаровадан иборат ёш шахматчиларимиз шов-шувли тарзда дунёнинг энг кучли жамоалари саналган Россия, Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Украина, Венгрия, Польша каби жамоаларни доғда қолдириб, олтин медалга сазовор бўлганди.
2023 йил Нидерландиянинг Эйндховен шаҳрида ўтган Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида мамлакатимиз вакиллари 63 та жамоа орасида 20-ўринни эгаллаганди.
Хўш, бу йилги натижаларимиз қандай бўлади? Афрўза Ҳамдамованинг икки йил мобайнидаги жаҳон чемпионатларида муваффақиятга эришиб келаётганлигини, Ҳумоюн Бекмуратов, Муҳаммадзоҳид Суяров ва Асроржон Омонов қатор давлатларда ташкил этилган нуфузли мусобақаларда туплаган тажрибасини инобатга олсак, истакларимиз орзуларимизга мос келишидан дарак бераётгандек.
Колумбиянинг Барранкилья шаҳрида 16 ёшгача бўлган шахматчилар ўртасида ўтадиган Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг дастлабки тур ўйинлари 17 август куни бўлиб ўтади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА