Озарбайжоннинг Боку шаҳрида Халқаро теннис федерацияси томонидан ўтказилаётган ўсмирлар ўртасидаги J30 таснифига кирувчи нуфузли халқаро турнирда теннисчиларимиз муваффақиятли иштирок этмоқда. Улар айни пайтда бош соврин учун курашда даъвогарликни сақлаб қолган.
Яккалик баҳсларининг иккинчи даврасида ҳамюртимиз Юсуфбек Маликов исроиллик Итай Килимник устидан 6:1, 6:4 ҳисобида ишончли ғалаба қозонди. Энди у чорак финалда грузиялик Жука Качеишвилий билан куч синашади. Шу билан бирга, куни кеча яна бир теннисчимиз — Маҳмудбек Бекназаров ҳам 1/4 финалга йўл олиб, руминиялик Матей Сукуга қарши баҳс олиб борадиган бўлди.
Жуфтлик баҳсларида эса Амир Сафоев ва Асилбек Исмоилов тандеми ўз иштирокини муносиб давом эттирмоқда. Улар австриялик Крис Жован Губза ҳамда руминиялик Матей Суку жуфтлигини 6:3, 3:6, 10:5 ҳисобида мағлуб этиб, ярим финалга йўл олди. Эндиликда ҳамюртимиз дуэти АҚШ вакили Аруш Коте ҳамда исроиллик Итай Килимник жуфтлигига қарши майдонга тушади.
Қизлар ўртасидаги жуфтлик баҳсларида ҳам мамлакатимиз вакили Элнура Болтабоев қозоғистонлик шериги Тамина Сакен билан бирга муваффақиятли ўйин намойиш этмоқда. Улар чорак финалда франциялик Ева-Влада Анисина ва нейтрал теннисчи Елизавета Привалова дуэтини 7:6, 6:3 ҳисобида мағлуб этди.
Шу тариқа Элнура ва Тамина финал йўлланмаси учун Полина Берштейн – Алиса Кузмина жуфтлигига қарши баҳс олиб боради.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА