Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўсмир дзюдочиларимиз қитъада тенгсиз, ёшларимиз баҳсларга киришди
09:00 / 2023-11-18

Пойтахтимиздаги “Алпомиш” спорт мажмуасида дзюдо бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида ўтказилаётган Осиё чемпионати баҳслари давом этмоқда.

Кеча поёнига етган ўсмирлар ўртасидаги қитъа чемпионатида мамлакатимиз вакиллари муносиб натижага эришди.

Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси умумий ҳисобда 7 та олтин, 5 та кумуш ва 5 та бронза медалларини қўлга киритиб, 15 та мамлакат орасида умумжамоа ҳисобида биринчи ўринга мушарраф бўлди.

Ватанимиз спорт шуҳратини улуғлашда қитъа чемпионатининг иккинчи кунида олтин медалларга сазовор бўлган Ҳакимжон Маҳкамов, Элнур Холмўминов, Нигина Сапарбаева, кумуш медаль соҳиблари Азамат Аблакулов, Беҳрузбек Рустамбоев, Аселхан Аралбаева, бронза медалини қўлга киритган Муштарийбегим Афзалова ўз маҳоратини намойиш этишди.

Бугун, 18 ноябрь куни Осиё чемпионатининг ёшлар ўртасидаги беллашувларига старт берилади.  

Унда 15 та мамлакатнинг 175 нафар умидли спортчилари қатнашмоқда. Шундан 99 нафарини ўғил ва 76 нафарини  қиз бола дзюдочилар ташкил этмоқда.

Қитъа чемпионатида энг катта таркиб билан Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистон жамоалари қатнашаётган бўлса, Мўғулистон 16, Ҳиндистон, 14,  Хитой Тайпейи, Эрон, Жанубий Корея жамоалари 13 нафардан иборат спортчилар билан чемпионлик учун ҳаракатланмоқда.

Чемпионатда Яман, Лебанон, Хитой терма жамоалари энг кам боксчи билан иштирок этмоқда.

Мусобақалар 19 ноябрга қадар давом этади.

 

Т. Рўзиев, ЎзА