Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Навоий вилоят филиалида онкологик касалликларни аниқлаш ва даволашда самарали ҳисобланган замонавий ташхис усулларидан бири – миниинвазив амалиёт ва трепан-биопсия усули муваффақиятли қўлланилди.
Ушбу усуллар, хусусан, ўсмалар билан боғлиқ касалликларда, ўсмаларнинг табиати ва уларнинг аниқ морфологик турини аниқлаш мақсадида амалга оширилади.


– Трепан-биопсия – бу тўқималардан кичик намуналар олиш орқали микроскоп остида чуқур таҳлил қилиш имконини берувчи диагностик муолажа бўлиб, беморга кам инвазивлик, яъни организмга энг кам зарар етказиш асосида олиб борилади, – дейди филиал директори Рустамжон Ҳамроев. – Мазкур ташхис усули ўсмалар сифатининг яхши ёки ёмонлигини аниқлашга, касалликнинг босқичини белгилашга, индивидуал ва самарали даволаш режасини тузишга хизмат қилади. Миниинвазив ёндашув эса оғриқни камайтириш, муолажадан сўнг тезроқ тикланиш ва бемор саломатлигига салбий таъсирни минимал даражада ушлаб қолишга ёрдам беради.

Навоий вилоятида бу каби илғор технологиялар асосида диагностика ишларининг йўлга қўйилиши, ўз навбатида, ҳудудда онкологик касалликларни эрта аниқлаш ва уларни муваффақиятли даволаш имкониятларини янада кенгайтиради. Энг муҳими, бу каби амалиётлар онкологик хизматни юксалтириш, замонавий тиббиёт ютуқларини ҳаётга татбиқ этиш йўлидаги муҳим қадамлардан биридир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири