Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўскан бобо 100 ёш билан юзлашди
12:10 / 2023-12-15

Сирдарё вилоятида ҳам Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари сафи йилдан йилга камаймоқда. Бугунги кунда вилоятда атиги уч нафар фахрий истиқомат қилмоқда.

Боёвут туманидаги Усмон Юсупов маҳалласида яшовчи Ўскан бобо Ҳожиманов ана шу фахрийлардан биридир. Отахон муборак 100 ёшни қаршилади. Маҳалладаги “Файз” тўйхонаси Сирдарё вилояти ва туман раҳбарлари, маҳалла фаоллари, нуронийлар вакиллари, отахоннинг қариндош-уруғлари, қўни-қўшнилари билан гавжум бўлди.  

Тадбирни “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раҳбари Ўтбосар Абдиев кириш сўзи билан очди. Шундан сўнг вилоят ҳокими Акмалжон Маҳмудалиевнинг уруш фахрийсига йўллаган табрик хатини ҳоким ўринбосари Эркин Мўминов ўқиб берди ва эсдалик совғасини топширди. Вилоят мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғи, полковник Баҳодир Бегибоев, Боёвут тумани ҳокими, Дилфуза Ўролова ва бошқалар ҳам отахонни муборак юз ёшлиги билан табриклади.  

Ўскан бобо Ҳожиманов 1943 йилда фронтга отланиб, Москва остоналаридан Кенигсберг шаҳрини озод қилишгача бўлган жанггоҳларни босиб ўтди. Одер дарёсини кечиб ўтишда мардлик намунасини кўрсатди. Урушнинг охири кўриниб қолганда яраланди. Яраславль областининг Рибинск госпиталида бир ярим йил даволанди. 1950 йил Зомин туманидаги она қишлоғи Аччига кириб келди. 28 йил хўжаликда шофёрлик қилди. Турмуш ўртоғи Новвотой момо билан 10 нафар фарзандни вояга етказиб, элга қўшди. Фахрийнинг бир асрлик юбилейига чеваралари Диёрбек, Азизбек ва Имронбекнинг суннат тўйлари ҳам қўшилди.  

– Мен учун бугунги кун асрга татигулик бўлди, десам асло муболаға бўлмайди, – дейди Ўскан бобо Ҳожиманов. – Аллоҳнинг инояти туфайли юз ёш билан юзлашиб турибман. Фарзандларим, келинларим, набира-чевараларимнинг қуршовидаман. Муҳтарам Президентимизга раҳмат, биз, нуронийларнинг кексалик гаштини суришимизга барча шарт-шароитларни яратиб берди. Масъуллар ҳар доим ҳолимдан хабар олиб туришади.  

Бугун Ўскан бобонинг кўнгли тоғ қадар ўсди. Маҳалладошлар, қариндош-уруғларнинг кўнгил кўтарувчи сўзлари, совға-саломлари отахонни яшартириб юборди.  

Шуҳрат Суяров,  

ЎзА мухбири.