Индонезия, Шри-Ланка, Тайланд ва Малайзияда сув тошқинлари натижасида 1400 дан ортиқ одам ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда “Анадолу” ахборот агентлиги.
Таъкидланишича, Индонезия сув тошқинлари ва кўчкилардан энг кўп зарар кўрган: табиий офатлар оқибатида ўлкада 753 киши ҳалок бўлди, фавқулодда ҳолат эълон қилинган Шри-Ланкада эса 465 одам вафот этган. Ушбу офатлар Тайландда 185 киши ва Малайзияда уч кишининг ўлимига сабаб бўлди.

Индонезиянинг Миллий табиий офатларни бошқариш агентлиги Шимолий Суматра, Ғарбий Суматра ва Ачеҳ провинцияларида тахминан 650 киши бедарак йўқолганини эълон қилди. Табиий офат ўн минглаб хонадон ва жамоат биноларига жиддий зарар етказган, натижада 1,5 миллиондан ортиқ одам ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди.
Муаллиф Ирмак Акжаннинг ёзишича, Индонезия президенти Прабово Субианто фалокат ҳудудига ташриф буюриб, тикланиш учун ёрдам ва қўллаб-қувватлашни ваъда қилган.

Шри-Ланка президенти Анура Кумара Диссанаяке ўз мамлакатида қурбонлар сонини ҳисоблаш учун ҳали эрта эканлигини айтди.
Тайланд ҳукумати вакили Рачада Дҳнадирек мамлакат жанубида қидирув-қутқарув ишлари давом этаётгани, деярли барча жабрланган ҳудудларда сув ва электр таъминоти тикланганини маълум қилди. Унинг қўшимча қилишича, ҳукумат сув тошқинидан жабр кўрган 120 мингдан ортиқ хонадонларга тахминан 31,3 миллион доллар компенсация тўлаган.

М.Пирматова, ЎзА