Волейбол бўйича юртимизда ўтказиладиган 2026 йилнинг илк йирик мусобақаси – Ўзбекистон чемпионати Олий лига, 1-тур баҳсларининг тантанали очилиш маросимида Осиё волейбол конфедерацияси (АВC) президенти Рамон Сузара иштирок этади.
Ўзбекистон волейбол федерацияси раиси ўринбосари Жамшид Файзиевнинг билдиришича, жорий йилнинг 22-29 январь кунлари эркаклар жамоалари ўртасида бўлиб ўтадиган чемпионат баҳслари халқаро тизимга интеграция қилинган "challenge” ёрдамида ўтказилади. Бу, ҳар бир ўйин ҳаққоний, шаффоф ўтишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Мусобақа низомига мувофиқ, эртага 21 январь куни қуръа ташлаш маросими, жамоалар учун мандат комиссиясининг йиғилишлари, ҳакамлар учун семинар машғулотлари ташкил этилади.

22 январдан пойтахтимиздаги "Олимпия шаҳарчаси” жамоавий спорт турлари зали ҳамда “Жар” спорт-соғломлаштириш марказида Олий лига 1-тур ўйинларининг гуруҳ босқичидаги учрашувлари бошланса, 24-январь куни чемпионатнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади.
Бугун, 20 январь куни Ўзбекистон чемпионати Олий лига, 1-тур баҳсларида иштирок этадиган жамоалар Тошкентга етиб келади.
Т.Рўзиев,
ЎзА