Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Осиё-Тинч океани минтақаси мамлакатларининг XI халқаро юридик форуми
17:50 / 2021-09-30

Осиё-Тинч океани минтақаси мамлакатларининг ўн биринчи Халқаро юридик форуми бўлиб ўтди

Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган форумда Ўзбекистон, Россия, Корея, Хитой, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Вьетнам, Индонезия, Камбоджа, Монголия, Мьянма, Покистон, Таиланд, Филиппин каби давлатлар Олий судлари раислари ва судьялари иштирок этди.

Россия Федерацияси Олий суди раиси В.Лебедев раислигида ўтган нуфузли анжуманда минтақада одил судлов ва иқтисодий интеграциянинг ривожланишига доир масалалар муҳокама қилинди. Иқтисодий низоларни ҳал қилиш ва интеллектуал ҳуқуқларнинг суд ҳимояси билан боғлиқ масалаларга эътибор қаратилди.

Жумладан, чет давлат судлари ва арбитражи қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш, низоларни ҳал этишнинг муқобил усуллари, иқтисодий низолар бўйича суд ҳимоясининг тезкор воситалари, таъминлаш чораларини қўллаш ҳақида фикрлар билдирилди. 

Ташқи иқтисодий низоларни ҳал этиш учун ихтисослашган судлов, трансчегаравий низоларни ҳал этиш, чет эллик шахслар билан боғлиқ низоларни ҳал этишда иштирокчи давлатлар Олий судлари ўртасида халқаро-ҳуқуқий ёрдамнинг судлов платформасини яратиш ва шакллантириш масалалари юзасидан тажриба алмашилди.

Форум иштирокчилари патентланган технологияларга адолатли, ақлли ва таҳқирсиз эришишни таъминлаш, сунъий интеллект технологияларининг айланиши ва қўлланилиши бўйича трансчегаравий низолар, контрафакт маҳсулот айланишига қарши курашда судларнинг роли, тиббиёт соҳасидаги патент низолари ва минтақа давлатларида параллель импортга оид низолар бўйича амалиётлар ҳақида ҳам сўз юритди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суд раиси Козимжон Комилов форум қатнашчиларига Ўзбекистондаги инвестициявий шарт-шароит ҳақида маълумот берди. Инвестор ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари кафолатли суд ҳимоясини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилгани маълум қилинди.

Мамлакатимизда туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари, Олий судда жисмоний ва юридик шахслар ўртасида юзага келадиган инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишларни кўришга ихтисослашган судлов таркибининг ташкил этилгани суд ҳимоясига эришиш даражасини янада оширгани қайд этилди.

Осиё-Тинч океани минтақасидаги давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири экани алоҳида қайд этилди.

Н.Абдураимова, ЎзА