Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Осиё тараққиёт банкининг 59-йиллик йиғилиши Самарқандда ўтказилади
15:02 / 2025-09-12

2026 йилнинг 3-6 май кунлари Самарқанд шаҳри Осиё тараққиёт банкининг (ОТБ) 59-йиллик йиғилишига мезбонлик қилади.

Банкка аъзо 69 давлат банк-молия муассасалари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокида ўтказиладиган йиғилишда Осиё-Тинч океани минтақасида жойлашган мамлакатларнинг ривожланиш муаммоларини кўриб чиқиш кўзда тутилган.

Самарқанд вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев юртимизда меҳмон бўлиб турган Осиё Тараққиёт банки котиби маслаҳатчиси Давид Гарригос-Солива ҳамда банкнинг стратегик ва сиёсий департаменти бош мутахассиси Ботир Мирбобоев билан учрашувда мажлисга тайёргарлик билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилди.

Адиз Бобоев ОТБнинг йиллик йиғилиши Самарқандда ўтказилаётганидан мамнун эканлигини билдириб, ушбу нуфузли тадбирни юқори даражада ўтказиш учун барча зарур чоралар кўрилишини таъкидлади.

Давид Гарригос-Солива 59-йиллик йиғилиш минтақанинг кўплаб соҳаларида ўзиг хос мулоқот ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун муҳим платформа вазифасини ўташини қайд этди.

– Биз мураккаб муаммоларни биргаликда ҳал қилиш учун банк аъзолари ва ҳамкорлари билан ишлар эканмиз, одамлар ҳаётини ўзгартириш, сифатли инфратузилмани барпо этиш учун инновацион молиявий воситалар ва стратегик ҳамкорликка таянамиз, – деди Давид Гарригос-Солива.

Банк вакиллари Самарқандда яшил иқтисодиётга ўтиш, хусусий секторни мустаҳкамлаш ва инсон капиталига сармоя киритишга кўмаклашиши, “яшил шаҳар” лойиҳаси доирасида Самарқандда экологик тоза электробус ва трамвайлар ҳаракати йўлга қўйилганлигини эътироф этиб, йиғилиш доирасида ҳамкорликда янги лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини маълум қилишди.

Шунингдек, мулоқотда йиллик йиғилиш доирасида банк-молия муассасалари раҳбарлари, хорижлик инвесторлар иштирокида самарқандлик тадбиркорлар, ишлаб чиқарувчилар иштирокида бизнес-форум ҳамда учрашувлар ўтказишга ҳам келишиб олинди.  

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири