2026 йилнинг 3−6 май кунлари Самарқанд шаҳри Осиё тараққиёт банки (ОТБ)нинг 59-йиллик йиғилишига мезбонлик қилади.
Мазкур нуфузли тадбир ўтказиладиган жойларни кўздан кечириш ва Самарқанд билан яқиндан танишиш мақсадида Осиё тараққиёт банки Президенти Масато Канда бошчилигидаги делегация қадимий ва ҳамиша навқирон кентда бўлди.

Самарқанд халқаро аэропортида меҳмонларни вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи А.Бобоев кутиб олди. Шу ерда Масато Канда билан ўтказилган мулоқотда Адиз Бобоев ОТБнинг йиллик йиғилишини ўтказиш учун Самарқанд танланганидан мамнунлигини айтиб, ушбу нуфузли тадбирни юқори даражада ўтказиш учун зарур чора-тадбирлар кўрилаётганлигини билдирди.
Масато Канда Самарқанд шаҳри кейинги йилларда дунё миқёсидаги нуфузли форум ва анжуманлар, сиёсий мулоқотлар марказига айланиб бораётганини таъкидлаб, ОТБнинг 59-йиллик йиғилиши ҳам юқори савияда ўтказилишига ишонишини қайд этди.

Шундан сўнг банк президенти ва вакиллари йиғилиш ўтказилиши режалаштирилган Самарқанд халқаро туризм марказидаги Конгресс хол, меҳмонхоналар ва бошқа объектлар билан танишди, шунингдек, шаҳардаги тарихий-маданий ёдгорликларни томоша қилди.
Осиё тараққиёт банкининг 59-йиллик йиғилишида банкка аъзо 69 давлатнинг банк-молия муассасалари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этиб, Осиё-Тинч океани минтақасида жойлашган мамлакатлар олдида турган ривожланиш муаммоларини кўриб чиқиши кўзда тутилган.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари