English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Осиё тараққиёт банки Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти 2025 йилда 5,6 фоизгача ўсишини прогноз қилмоқда
08:26 / 2024-04-16

Пойтахтимизда Осиё тараққиёт банки ўзининг «Осиё ривожланиши истиқболлари» нашрида Ўзбекистонга бағишланган тақдимотини ўтказди.

Унда Осиё тараққиёт банкининг мамлакатимиздаги доимий ваколатхонаси директори Канокпан Лао-Арая хоним, Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University) ректори Жасур Солихов ва бошқалар мамлакатимизда иқтисодий ўсиш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар ва унинг кўрсаткичларига тўхталиб ўтди.

Осиё тараққиёт банкининг етакчи ҳисоботига мувофиқ, нархлар ошишининг уй хўжаликларининг ихтиёрида бўладиган даромадга таъсири натижасида 2024 йилда Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш суръатларининг пасайиши кутилмоқда.  

Тақдимотда таъкидланганидек, ОТБ ўзининг «Осиё ривожланиши истиқболлари» (Asian Development Outlook – ADO) номли нашрида Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти 2024 йилда 5,5 фоизни ташкил этишини, 2025 йилда эса 5,6 фоизгача ўсишини прогноз қилмоқда. Бунда тартибга солинадиган нархлар ошишининг уй хўжаликлари даромадига таъсири туфайли ўсиш секинлашиши кутилмоқда. Бу эса истеъмол талабининг пасайишига олиб келиши мумкин.  

Осиё тараққиёт банкининг мамлакатимиздаги доимий ваколатхонаси директори Канокпан Лао-Арая хонимнинг сўзига кўра, ўтган йили саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги барқарор кўрсаткичлар туфайли Ўзбекистонда таҳсинга сазовор иқтисодий ўсиш кузатилган.

– Ушбу кучли ўсишни кучли инвестиция муҳити ва асосий озиқ-овқат маҳсулотларини солиқдан озод қилиш бўйича стратегик сиёсат қўллаб-қувватлади. Бу эса қатъий пул-кредит сиёсати билан биргаликда инфляциянинг сезиларли секинлашишига ёрдам берди. 2024 йилда ўсиш суръатларининг секинлашиши прогноз қилинаётганига қарамай, иқтисодий прогнозлар ижобий бўлиб қолмоқда. Шу билан бирга, ОТБ яшил ривожланиш сиёсати Ўзбекистоннинг яшил иқтисодиётга ўтишида муҳим аҳамият касб этади, деб ҳисоблайди. Ҳозирги вақтда яшил сиёсатнинг турли вазирликлар ва идоралар ўртасида бўлиниши яшил иқтисодиётга самарали эришиш учун хавф туғдиради. Шундай экан, саъй-ҳаракатларни оптималлаштириш, мувофиқлаштиришни яхшилаш ва мамлакатнинг барқарор иқтисодий амалиётга ўтиш жараёнини тезлаштириш учун самарали ечим сифатида иқлим сиёсати бўйича кенгаш ташкил этиш таклиф этилмоқда, – деди Канокпан Лао-Арая хоним.  

Тақдимотда хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги тармоқларида ўсиш суръати секинлашиши, хусусий истеъмол ва инвестициялар бироз сустлашиши кутилаётгани таъкидланди. Энергетика соҳасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар ва пул-кредит сиёсатининг қатъийлашиши таъсирларининг мувозанатлашувчи ҳисобига инфляция суръатларининг барқарор даражада сақланиб қолиниши прогноз қилинмоқда. Шунингдек, унда бюджет-солиқ сиёсати, тушумлар ва бюджет тақчиллиги билан боғлиқ масалалар ҳам таҳлил қилинган.  

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА