Осиё тараққиёт банки (ОТБ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизмати хабар беришича, 6 декабрь куни Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонда кичик ва ўрта корхоналарни қўллаб-қувватлаш ва иқтисодий ўсишни рағбатлантириш учун 100 миллион доллар миқдорида сиёсат чораларига асосланган қарз ажратилишини маъқуллади.
Қайд этилишича, банкнинг Кичик ва ўрта корхоналарни ривожлантириш дастури хусусий секторни ривожлантиришга асосланган иқтисодий ўсишни рағбатлантириш ҳамда кичик ва ўрта корхоналарнинг COVID-19 пандемияси оқибатида бўлгани каби иқтисодий зарбаларга чидамлилигини ошириш учун уларнинг фаолият муҳитини яхшилашга қаратилган. Бу дастур доирасидаги иккинчи кичик дастур бўлиб, биринчиси ҳукумат томонидан амалга оширилган сиёсат, тартибга солиш ва институционал ислоҳотларга асосланади.
ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича бош директори Евгений Жуковнинг қайд этишича, дастур ОТБнинг Ўзбекистондаги кичик ва ўрта корхоналарни қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли навбатдаги қадамидир.
ОТБ дастури Ўзбекистон ҳукуматини юқори фоиз ставкалари ва юқори гаров талабларига эга банклар ҳукмронлик қиладиган молия секторида кичик ва ўрта корхоналар ўз ривожланишининг турли босқичлари учун зарур бўлган молия шаклларидан фойдаланишда улар дуч келадиган муаммоларни ҳар томонлама ҳал этишда қўллаб-қувватлайди.
Дастур бизнес юритиш харажатларини оширадиган ва аёллар бизнесига номутаносиб таъсир кўрсатадиган тартибга солиш ва маъмурий юкларни енгиллаштиришга ёрдам бериши кўзланган. Бу экспорт маҳсулотлари ва бозорларни диверсификация қилиш, шунингдек, рақамлаштириш орқали самарадорликни, кичик ва ўрта корхоналарнинг савдо рақобатбардошлигини оширишга ёрдам беради. Шунингдек, бозор талабларига жавоб берадиган кўникмаларни, айниқса, аёллар ва ёшларнинг иш билан таъминланиш имкониятларини ошириш учун ривожлантиришга кўмаклашади.
ОТБнинг Хусусий секторни ривожлантириш бўйича бош мутахассиси Приянка Соуднинг қайд этишича, дастур доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар кичик ва ўрта корхоналарнинг ўсиши ва расмийлаштирилишини рағбатлантиради ва ўз навбатида солиққа тортиш базасини кенгайтириш ва ички ресурсларни сафарбар қилишга ёрдам беради.
Ўзбекистон ОТБга 1995 йилда аъзо бўлган. Ўшандан бери банк мамлакатга 10,8 миллиард доллар миқдорида қарз, грант ва техник кўмак тақдим этган.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА