Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар берди. Хабарда қайд этилишича, Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистонга мамлакатдаги кичик ва ўрта бизнес учун қулай муҳитни яхшилаш бўйича ислоҳотларни амалга оширишда ёрдам бериш учун 100 миллион долларлик сиёсатга асосланган кредитни маъқуллади.
Мазкур кредит ОТБнинг Кичик ва ўрта корхоналарни ривожлантириш дастурининг биринчи кичик дастурини молиялаштиради.
ОТБнинг Кичик ва ўрта корхоналарни ривожлантириш дастури иккита кичик дастурни ўз ичига олади ва кичик ва ўрта бизнес учун янада самарали фаолият ҳамда тижорат муҳитини ривожлантиришга кўмаклашишга қаратилган.
Биринчи кичик дастур доирасида ислоҳотлар кредит ресурслари чекланган кичик ва ўрта бизнес субъектлари фаолиятини кенгайтиришга ёрдам бериш учун мавжуд молиявий воситаларни диверсификация қилишни ва улар олиши керак бўлган рухсатномалар ва лицензиялар сонини қисқартиришни ўз ичига олади. Ушбу ва бошқа ислоҳотлар, масалан, савдо операциялари харажатларини камайтириш ва рақамлаштиришни ошириш 13 минг 500 га яқин иш ўринларини яратишга ёрдам бериши кутилмоқда.
– Ўзбекистон бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнини жадаллаштиришда давом этмоқда ва кичик ва ўрта корхоналар мамлакатда иқтисодий ўсиш ва иш ўринларини таъминлашга салмоқли ҳисса қўшмоқда, – деди ОТБ Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича бош директори Евгений Жуков.
Шунингдек хабарда қайд этилишича, Ўзбекистонда кичик ва ўрта корхоналар ялпи ички маҳсулотнинг ярмидан кўпроғини ташкил қилади ва расмий ва норасмий иш ўринларининг учдан икки қисмини таъминлайди.
ОТБ, шунингдек, давлат идораларига дастур доирасидаги ислоҳотларни амалга оширишда, жумладан, кичик ва ўрта бизнес учун рақамли ечимларни жорий этиш орқали ёрдам бериш учун 250 минг АҚШ доллари миқдоридаги техник ёрдам грантини тақдим этади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА